Саудиянинг ACWA Power компанияси Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятидаги иккита энергетика лойиҳасининг 35 фоиз улушини сотди, деб хабар қилди компания матбуот хизмати.

Келишувни имзолаш маросими 17 июль куни Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирокида бўлиб ўтди. China Southern Power Grid International компанияси қурилаётган Бош ва Жонгелди шамол электр станциялари улушининг харидорига айланди.

Битим ACWA Power ва China Southern Power Grid International ўртасида Марказий Осиёдаги қайта тикланадиган энергия манбаларидан биринчи қўшма лойиҳа бўлади.

Умумий қуввати 1 ГВт бўлган иккита шамол электр станциясини қуриш қиймати 1,3 млрд доллар. Келишув шартлари ошкор этилмаган.

2022 йил декабрь ойида Саудия компанияси хитойлик ҳамкорлар билан ACWA Power компаниясининг Саудия Арабистони ва «Бир камар ва йўл» ташаббуси мамлакатларида қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини молиялаштириш, инвестиция қилиш ва қуриш бўйича келишувларни имзолаганди.

ACWA Power бир қатор халқаро ташкилотлардан Бош ва Жонгелди шамол электр станцияларини амалга ошириш учун маблағ тўплади. Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва унинг ҳамкорлари шамол электр станцияларини қуришга 520 миллион доллар ва электр тармоқлари учун 47 миллион доллар ажратди. Осиё тараққиёт банки компанияга яна 174 миллион доллар ажратди.

Эслатиб ўтамиз, China Southern Power Grid International компанияси Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 600 МВт қувватга эга гидроаккумуляцияловчи электр станциясини қуришни режалаштирмоқда.