18 июль куни «Ўзбекистон Республикасида туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони [ПФ-102-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар қилди.

Фармонга кўра, 2024 йил 1 сентябрдан кириш туризми фаолиятини амалга оширувчи резидент бўлган туроператорларни хорижий мамлакатлардан республикага туристларни олиб келишда айланма маблағ билан таъминлаш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан республика тижорат банклари орқали миллий валютада йиллик 14 фоиз ставкада кредит линияси очилади.

Бунда:

  • белгиланган йиллик фоиз ставкаси таркибида банк маржаси 3 фоиздан ошмаган миқдорда ўрнатилади;
  • кредит маблағлари туроператорларга 2 йиллик имтиёзли давр (фоиз ва асосий қарздан) билан 10 йил муддатга ажратилади;
  • Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан тижорат банкларига ресурслар 3 йиллик имтиёзли давр билан 12 йил муддатга ажратилади.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 августгача Қорақалпоғистон Республикасида рўйхатга олиниб, лицензияга эга бўлган туроператорларга, истисно тариқасида, экстремал турларни ташкил қилиш учун двигатель ҳажми 2,4 литрдан кам бўлмаган юқори ўтиш қобилиятига эга транспорт воситалари импорт қилинаётганда божхона божи ва утилизация йиғимини амалдаги ставканинг 25 фоизи миқдорида 3 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади.

2025 йил 1 августгача туризм соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт қилинадиган автобус ва микроавтобуслар божхона божидан озод этилади.

Туризм қўмитаси томонидан рўйхати шакллантириладиган халқаро туризм ярмаркалари ва кўргазмаларида туризм соҳасидаги тадбиркорлар, ҳунармандлар, маданият ва санъат вакиллари иштирок этади.

Бунда, 2025 йил 1 январдан:

  • халқаро туризм ярмарка ва кўргазмалари учун ҳокимликларнинг маҳаллий бюджетидан 1 миллиард сўмдан кам бўлмаган маблағлар ажратилади;
  • фаолият бошлаганига 3 йилдан кўп бўлмаган туроператорларнинг халқаро туризм ярмарка ва кўргазмаларидаги павильон ижараси харажатининг 50 фоизи қоплаб берилади;
  • ҳунармандларнинг халқаро туризм ярмаркалари ва кўргазмаларидаги павильон ижараси, уларда намойиш этиладиган маҳсулотларини ташиш ва авиачипта харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.