Тошкент вилоятида яна бир қиз вилоятликларни ҳақорат қилгани учун маъмурий жазога тортилиб, 10 сутка қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий Суд матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Унга кўра, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида яшовчи 19 ёшли қиз 20 июль куни Instagram саҳифасида обуначилари билан жонли мулоқот қилаётган вақтида вилоятликларни ҳақорат қилган. Тасвирларда у ўзига ёзилган изоҳларга жавобан беҳаё, уятсиз сўзлар билан вилоятларда яшовчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситган. Қизнинг ушбу ҳаракатлари ижтимоий тармоқ кузатувчиларининг жиддий норозилигига сабаб бўлган.

Бундан ташқари, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказиш учун Чирчиқ шаҳар ИИБ ХПГ профилактика инспектори унинг яшаш жойига келганда қиз кўчада бақир-чақир қилиб, жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузган ҳолда майда безорилик содир этган, дейилади расмий изоҳда.

У судда вилоятликларга нисбатан ҳақоратли сўзларни салбий фикр билдирган кузатувчиларига жавоб тариқасида айтиб юборганини, бу қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини таъкидлаган. Қиз барчадан узр сўради ва суддан ўзига нисбатан енгиллик беришни илтимос қилди.

Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судининг қарори билан қизга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида (Майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Тармоқларда кузатувчиларга жавоб тариқасида вилоятликларни «жирканч махлуқот» дея ҳақоратлаган қиз 6,8 млн сўм жаримага тортилганди. Ундан аввал 21 ёшли яна бир «жаҳл устида» вилоятликларни ҳақорат қилган қиз 15 суткага қамалганди.