Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 23 июль куни бўлиб ўтган мажлисида «Таълим фаолиятини тартибга солиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди (видео), деб хабар қилди парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.

Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган. ЎзА хабарига кўра, «Миллий тикланиш» партияси томонидан ишлаб чиқилган ташаббус маъруза ўқиб, осон пул топиш йўлларини ўргатишга ваъда берган шахсларга қарши курашишга қаратилган. Уларни интернетда «инфоқаллоб» деб ҳам аташади.

ЎзЛиДеП депутати Шаҳноза Холмаҳаматова сўнгги йилларда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида «носоғлом маърифий ишлар» кўпайганини маълум қилди.

«Бундай тадбирларда аҳоли, айниқса, ёшлар онги ва маданиятига турли ёт қарашлар, ғоялар, ҳиссиётлар сингдирилмоқда. Таъкидлаш керакки, тадбир ташкилотчилари томонидан гўёки маърифий деб ҳисобланадиган кўп сонли йиғинлар, учрашувлар, ўқув ва суҳбатлар махсус билим ва тажрибага эга бўлмаган, асосий мақсади ёлғон йўли билан пул ишлаш бўлган сохта тренерлар ва лекторлар томонидан амалга ошириб келинмоқда» — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бундай тадбирларда кўпхотинлилик, жинсий камситиш, феминизм, ахлоқий бузуқлик, ҳуқуқбузарликлар тарғиб қилиниб, тингловчилар онгини манипуляция қилиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Депутат ҳозирда бундай фаолиятнинг тўхтатиш, тақиқлаш ёки тартибга солишнинг иложи йўқлигини таъкидлади, чунки амалдаги қонунчиликда маъруза, тақдимот, семинар, маҳорат дарси, курс, лекция, марафон ва давра суҳбати тарзида ўтказиладиган фаолият турлари акс эттирилмаган.

Шаҳноза Холмаҳаматова аҳолининг бундай тадбирларга қизиқиши ортиб бораётгани ва ушбу соҳада меҳнат қилаётган кишиларнинг асосий даромад манбаига айланишини инобатга олган ҳолда ушбу соҳани ҳуқуқий тартибга солиш зарур, деб ҳисоблайди.

Шу муносабат билан қонун ҳужжатларига, жумладан, одамларнинг онги ва маданиятига салбий таъсир кўрсатадиган ноқонуний маърифий фаолият учун жавобгарликка тортишнинг ҳуқуқий асосларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган. Бунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга маърифий фаолиятни амалга ошириш тартибини бузганлик учун 59−4-моддани киритиш режалаштирилмоқда.

Хусусан, ушбу фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан маърифий фаолият олиб бориш ёки маърифий фаолиятини амалга ошириш бўйича қонунларда белгиланган чекловларга риоя қилмаслик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Депутатлар биринчи қоидабузарлик учун қандай жарима назарда тутилганини эълон қилишмади, бироқ такрор содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жисмоний шахслар БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3,4 миллион сўмдан 5,1 миллион сўмгача), мансабдор шахслар эса БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваргача (5,1 млн сўмдан 6,8 млн сўмгача) жаримага тортилади.

Депутат, шунингдек, «Таълим тўғрисида»ги қонунда маърифий фаолияти тушунчаси, шунингдек, ушбу йўналишдаги фаолиятни амалга оширишга қўйиладиган талабларни киритиш таклиф этилганини айтди.

Хусусан, маърифий фаолият инсонни шахсий, интеллектуал ва маънавий ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятни намоён этиш, индивидуал салоҳият ва имкониятлари, мулоқот қобилиятларини яхшилаш учун зарур кўникма ва малакаларни шакллантиришга қаратилган ҳамда давлат таълим стандартлари билан қамраб олинмайдиган фаолият тури ҳисобланиши белгиланмоқда.

Маърифий фаолиятни республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний ва юридик шахслар томонидан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган талабларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда.

Қонун лойиҳасида маърифий фаолият билан шуғулланиши тақиқланган шахслар рўйхати ҳам белгилаб берилган.

Маърифий фаолиятини ўтказиш тартиби, унинг шакллари, талаблари ва шартлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

инфоқаллоблар, маърифий фаолият, қонунчилик палатаси

Қонун лойиҳасини 106 депутат маъқуллади, 1 нафар депутат («Миллий тикланиш» партиясидан) қарши чиқди, 11 нафари овоз бермади.

Ҳужжат дарҳол иккинчи ўқишда кўриб чиқилди, айрим моддалар бўйича фақат икки нафар депутат қарши овоз берди, кўпчилик ёқлади.

инфоқаллоблар, маърифий фаолият, қонунчилик палатаси

Шундан сўнг депутатлар учинчи ўқишда қонунни қабул қилиб, ҳужжатни Олий Мажлис Сенатига юборди.