АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррисни Демократлар партиясидан президентликка номзод бўлиш учун етарлича делегатлар қўллаб-қувватлади, дея хабар берди Associated Press.

Агентлик сўровига кўра, Ҳаррис учун камида 2668 делегат овоз бериш ниятида, унинг номзодини биринчи турда тасдиқлаш учун эса 1976 овоз керак.

AP маълумотлари 1976 нафардан ортиқ демократ делегат Ҳаррисни қўллаб-қувватлашини билдирган CNN маълумотларига мос келади.

AP`нинг таъкидлашича, бу норасмий рақамлар ва расмий номзодликни англатмайди. Демократлар партиясининг 19 август куни Чикагода очиладиган қурултойида президентликка номзодга овоз бериши кутилмоқда.

Амалдаги президент Жо Байден пойгадан чиққанидан кейин Ҳаррис президентликка потенциал номзод бўлди. У бу қарорни республикачи номзод Дональд Трамп билан ҳалокатли дебатдан кейин партиядошларининг сайловдан чиқишга чақириқлари кучайиб бораётган бир пайтда қабул қилди.

Байден пойгадан чиқиб кетганидан сўнг, Ҳарриснинг кампаниясига хайриялар сони кескин ошди, дея таъкидлайди CNN. Биринчи 24 соат ичида вице-президент 100 миллион доллардан кўпроқ пул йиғди, донорларнинг 62 фоизи биринчи марта ҳисса қўшди.

Харрис олдида турган қийинчиликлар

CNN маълумотларига кўра, сайлов кампанияси муваффақиятли бошланганига қарамай, Ҳаррисни анча мураккаб муаммолар кутиб турибди. «Газета.uz» телеканалнинг асосий тезисларини келтиради:

  • Ҳаррисни танлаш орқали демократлар унча машҳур бўлмаган ва «алмашиб турувчи штатлар»да Байдендан яхшироқ натижага эриша олишини ҳали кўрсатмаган номзодга суянмоқда. Агар Ҳаррис яқин кунлар ёки ҳафталарда сустлашса, демократлар 2024 йилда бу ишни бажара олмайдиган яна бир номзодни таклиф қилаётган партияга айланиш хавфи бор;
  • Демократик сайловчиларнинг ҳафсаласи пир бўлганига Байденнинг ёши сабаб бўлганми ёки юқори нархлар ва фоиз ставкалари каби кенгроқ муаммоларми — яқин кунларда аниқ бўлади. Трамп сўровларда одатда иммиграциядан тортиб миллий хавфсизлик, иқтисодиётгача бўлган сайловчилар учун энг муҳим масалалар бўйича етакчилик қилмоқда. Агар сайловда Байденнинг меросига жавобгар бўлиб қолса, Ҳаррис бунинг нархини тўлаши мумкин;
  • Трамп жамоаси ҳам Ҳаррисга қарши риторикасини кучайтирмоқда. Улар уни республикачилар Оқ уй Байденнинг соғлиғи ва руҳий ҳолатини яшириш сифатида тавсифлаган нарсага шерик қилиб кўрсатишга ҳаракат қилмоқда;
  • Ҳаррис учун яна бир потенциал тўсиқ бор — бу ҳали эътибор марказида эмас, лекин сайлов жараёнига таъсир қилиши мумкин, деб ёзади CNN. 16 йил олдин кўплаб америкаликлар мамлакат ҳеч қачон қора танли одамни Оқ уй бошқарувига қўймайди, деб ишонишган. Аммо Барак Обама уларнинг нотўғри эканини исботлаганди. Қора танли аёл ва келиб чиқиши осиёлик бўлган америкалик Ҳаррис «бундан ҳам каттароқ тарихий тўсиқ»қа дуч келмоқда.