Бой мамлакатларда мигрантлар тобора камроқ исталмоқда, деб ёзди The Economist. Нашрнинг қайд этишича, сўнгги уч йил ичида 15 миллион киши ривожланган мамлакатларга кўчиб ўтган — бу замонавий тарихдаги энг катта ўсиш. Ўтган йили АҚШга 3 миллиондан ортиқ, Канадага 1,3 миллион ва Буюк Британияга 700 мингга яқин одам кўчиб келган. Муҳожирлар турли мамлакатлардан — урушдан қочган юз минглаб украиналиклар, шунингдек, Ҳиндистон ва Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубий қисмидан миллионлаб одамлар.

Келаётган мигрантлар сонини камайтириш учун бу мамлакатлар ҳукуматлари миграция сиёсатини кучайтирмоқда. Австралия, Буюк Британия ва Канада асл нияти мамлакатда ишлаш бўлган шахсларни қабул қиладиган «диплом фабрикалари»ни (ўзини олий таълим муассасаси деб айтадиган ва ҳақ эвазига яроқсиз таълим дипломлари берувчи ташкилотлар — таҳр.) ёпмоқда.

Канада, шунингдек, бу йил ўқиш учун рухсатномалар сонини учдан бир қисмга қисқартирмоқчи. Бошқа давлатлар муҳожирларга оиласини ўзлари билан олиб келишни қийинлаштирмоқда, дея қайд этди The Economist.

Июнь ойида АҚШ президенти Жо Байден Мексикадан чегарани ноқонуний кесиб ўтган мигрантларга бошпана беришни вақтинча тақиқлаган эди. Франция президенти Эммануэль Макрон бошпана бериш рад этилганларни депортация қилишни тезлаштирмоқчи. Германия ҳам худди шундай чоралар кўрмоқда.

Бундан ташқари, «ҳали яна қаттиқроқ чекловлар бўлиши мумкин», деб ёзади The Economist. АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп сайланса, 7,5 миллионга яқин ноқонуний муҳожирни депортация қилишни режалаштирмоқда.

Ҳозирда миграция буми «тугаши мумкин»лигининг аломатлари бор, дейилади материалда. Канадага соф миграция охирги чўққисидан деярли ярмига камайди, Янги Зеландияда ҳам шундай бўлди. Бой мамлакатларда иш ўринлари аввалгига қараганда камроқ, бу потенциал муҳожирлар кўчиб ўтишига тўсқинлик қилмоқда, Украинадан қочқинлар оқими эса секинлашди.

Миграцияга қарши янги чоралар ҳам муҳим роль ўйнамоқда, дейди The Economist. Сўнгги икки йил ичида Европа Иттифоқида депортация тўғрисидаги буйруқдан кейин ўз ватанларига қайтарилган учинчи давлат фуқаролари сони 50 фоизга ошди. 2024 йилнинг биринчи чорагида Британиядан «мажбурий қайтишлар» сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 50 фоизга кўпайди. Яқинда АҚШ жанубий чегарасини ноқонуний кесиб ўтишлар сони уч йил ичида энг паст даражага тушди.

«Баъзи миграцияга қарши чоралар, айниқса, кенг кўламли депортациялар иқтисодиётга катта зарар етказиши мумкин», — деб таъкидлайди The Economist. Миграцияни чеклаш 2021 ва 2022 йилларда бой мамлакатлар иқтисодиётини қийнаган ишчи кучи танқислигини қайтадан юзага келтириши мумкин. Бу, ўз навбатида, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМни камайтиради, дея огоҳлантиради нашр. Узоқ муддатли истиқболда миграция ишчи кучининг ихтисослашувини оширишга ҳам имкон беради.

The Economist`нинг таъкидлашича, янги келганлар кўпинча ёқимсиз, кам маош оладиган, лекин, шунга қарамай, ҳаётий муҳим соҳаларда, жумладан, қурилиш ва соғлиқни сақлаш тармоқларида ишлайди. 2019 йилдан 2023 йилгача АҚШ қурилиш саноатида чет элликлар сони кескин ошган. Норвегияда соғлиқни сақлаш соҳасидаги хорижий ишчилар сони ковид пандемиясидан кейин 20 фоизга кўтарилган. Ирландияда ишлайдиган, аммо бошқа мамлакатларда малака оширган шифокорлар сони 28 фоизга кўпайган. Худди шу даврда Британиянинг Миллий соғлиқни сақлаш хизматида ишлайдиган хитойликлар сони икки баравар, кенияликлар сони эса уч баробар ортган.

«Вақт ўтиб, аҳолиси қариб қолган бой мамлакатларга кўпроқ ёш, тайёр ишчилар керак бўлади. Бунинг сабаби — пенсия ёшини кескин ошириш ёки соғлиқни сақлашни самаралироқ қилиш каби чоралар ҳақида кам сонли сиёсатчилар гапиради. Мамлакатга янги муҳожирларнинг кириб келишини чеклаш сиёсатчиларни вақтинча қўллаб-қувватлаши мумкин бўлса-да, иқтисодий мантиқ шуни кўрсатадики, бундай позиция даҳшатли туш бўлади», — дейилади материалда.