Тармоқларда Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшовчи 73 ёшли социолог олим ва профессор Абдулахат Қаҳҳоров ўз уйида қотиллик аломатлари билан топилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу маълумотни «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов тасдиқлади.

Қайд этилишича, 18 июль куни соат 22:00 атрофида унинг қўшнилари «102» рақамига қўнғироқ қилиб, Абдулахат Қаҳҳоровнинг уйида шовқин овози эшитилаётгани тўғрисида хабар берган. Шу бўйича тезкор-тергов гуруҳи воқеа жойига етиб борган.

Ходимлар хонадонга киришганида балкон қисмида профессор танасининг турли қисмида кесилган тан жароҳатлари билан вафот этгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан 19 июль куни Олмазор туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган. Содир этилган жиноят сабаблари аниқланмоқда, дейилади хабарда.

Социология фанлари доктори, бунгача ИИВ академияси профессори лавозимида ишлаган Абдулахат Қаҳҳоров «Шарқий Туркистоннинг қадимги ипак йўли сирлари» (2017) китоби муаллифи ҳисобланади. У турк ва уйғур тарихининг кам ўрганилган масалалари билан шуғулланган. Китоб изоҳида айтилишича, Қаҳҳоров сўнгги юз йил ичида 1814−1914 йилларда Европа ва Россия саёҳатчиларининг изланиш йўлидан борган Марказий Осиёдан биринчи олим бўлган.