Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ҳужжат 2024 йилнинг 25 июнь куни Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинган эди. Ўтган вақт давомида қонун лойиҳаси қуйи палатанинг расмий веб-сайтида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Шунингдек, депутатлар томонидан сайлов округларида ўтказилган учрашувлар жараёнида фуқаролар билан бевосита муҳокама қилиниб, таклифлар олинди.

Қонун лойиҳаси билан аҳолига психологик ёрдам кўрсатишнинг асосий принциплари, вазифалари, турлари, шакллари, стандартлари аниқ белгиланмоқда. Шунингдек, психологик ёрдам кўрсатиш соҳаси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бепул психологик ёрдам кўрсатиладиган шахслар тоифалари, таълим ташкилотларида психологик ёрдам кўрсатиш, ушбу соҳада тадқиқот ва илмий тажрибалар ўтказиш масалалари, психологик ёрдам кўрсатишни рад этиш ёки тўхтатиш асослари назарда тутилмоқда. Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги профессионал ассоциациялар фаолиятининг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.

Психология йўналишидан бошқа олий маълумотга эга бўлган шахслар хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланишдан аввал психология мутахассислиги учун қайта тайёрловдан ўтиши кераклиги белгиланмоқда.

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси психологик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш бўйича қонунларда белгиланган чекловларга риоя этмаган ҳолда психологик ёрдам кўрсатганлик учун жавобгарликни белгиловчи алоҳида модда билан тўлдирилмоқда.

Мажлисда қайд этилганидек, фуқаролар психологни, психологик ёрдам шакли, тури ва шарт-шароитларини мустақил танлаш, ўзига кўрсатилган психологик ёрдам шакли, тури ва бошқа маълумотлар тўғрисида ҳужжатдан кўчирма олиш ва психоголик ёрдам кўрсатилиши натижасида маълум бўладиган шахсий маълумотларининг сир сақланиши ва бошқа бир қатор ҳуқуқлари қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.