Президент 18 июль куни аҳолини рақамли технологиялар асосида давлат ижтимоий қўллаб-қувватлови билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорни имзолади, деб хабар қилди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжат ижтимоий тўловлар ва субсидиялар, ижтимоий хизматлар ва ёрдамларни тайинлаш, тақдим этиш, мониторинг қилиш ва баҳолаш жараёнларини, шунингдек, аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг бошқа барча чора-тадбирларини босқичма-босқич тўлиқ автоматлаштиришни назарда тутади.

Ижтимоий ёрдамга муҳтож тоифадаги фуқароларнинг ижтимоий хизматлардан, ёрдам ва тўловлардан, шунингдек, давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг бошқа чораларидан фойдаланиш учун ҳужжатларни йиғиш зарурати бекор қилинади.

Янги тартиб фуқароларга давлатдан «манзилли, қисқа муддатларда, масофадан туриб ҳамда проактив тарзда» ижтимоий ёрдам олиш имконини беради, дейилади ҳужжатда.

Тизим, шунингдек, ижтимоий суғуртани амалга ошириш доирасида рақамли сервисларни ривожлантириш орқали давлат ва тадбиркорлик субъектларининг ўзаро ҳамкорлигини соддалаштиради.

Қарорга мувофиқ, давлат томонидан бир қатор ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари «Ижтимоий карта» ахборот тизими орқали уникал рақамга эга ижтимоий карта орқали амалга оширилади:

2024 йил 1 декабрдан бошлаб — янгидан тайинланадиган ижтимоий тўловлар, хизматлар ва имтиёзлар;

2025 йил 1 апрелдан бошлаб босқичма-босқич:

  • шахснинг ногиронлигини, талаба, ўқувчи, уруш қатнашчиси ёки уруш қатнашчисига тенглаштирилган шахс ҳолатини тасдиқлаш. ️Бунда ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома ва гувоҳномалар, талабалик гувоҳномалари, ўқувчилар гувоҳномалари, уруш қатнашчилари ёки уларга тенглаштирилган шахслар гувоҳномаларининг қоғоз шакли ижтимоий картага алмаштириш орқали бекор қилинади;
  • ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахслар учун умумий фойдаланишдаги автомобиль, темир йўл, ҳаво ва дарё транспорти, йўналишсиз такси хизматларидан фойдаланиш бўйича имтиёзлар, шунингдек ушбу хизматдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг бошқа тоифалари учун имтиёзлар;
  • кириш билет операциялари тизими асосида тартибга солинадиган давлат ижтимоий объектларига, концерт-томоша тадбирлари ва бошқа тадбирларга бепул ташриф буюриш ёки қисман ҳақ тўлаш бўйича имтиёзлар;

2025 йил 1 июлдан бошлаб — «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилганларга белгиланган товарлар (хизматлар)ни харид қилишда тўланган ҚҚС суммасини 1 иш кунида қайтариш. Бу QR-кодли чекни сканер қилмасдан амалга оширилади;

2025 йил 1 октябрдан бошлаб — ҳукумат томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ фуқароларга бюджет маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдам, субсидиялар, грантлар, имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар ҳамда моддий хусусиятга эга бошқа тўловлар тақдим этиш;

2026 йил 1 январдан бошлаб — қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлардан фойдаланиш.

2025 йил 1 октабрдан бошлаб пенсия олувчиларга ўз хоҳишига кўра ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлиги бўйича пенсияларни ижтимоий карта орқали олиш ҳуқуқи берилади.

Ижтимоий карта президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга келаси ёздан бошлаб берилади.

Ҳукуматга «Ижтимоий карта» тизимини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш бўйича қўшма корхона ташкил этиш учун хусусий инвесторни, шунингдек, давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари улар орқали ижтимоий карталарга ҳисоб-китоб қилинадиган молиявий агентларни ва лойиҳанинг бошқа иштирокчиларини аниқлаш топширилди.

Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига кейинги йилнинг май ойига қадар «Ижтимоий карта» ахборот тизимини жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш доирасида хусусий инвесторларни, шу жумладан, институционал инвесторларни жалб қилган ҳолда тижорат банкини ташкил этиш бўйича таклифлар тайёрлаш топширилди.

Ижтимоий картани жорий этишнинг тажриба босқичи якунларига кўра, келгуси йилнинг май ойигача ижтимоий ёрдамга муҳтож барча тоифадаги шахсларни, жумладан, пенсия олувчиларни ҳам ушбу карталар билан қамраб олишнинг мақсадга мувофиқлигини кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.