1 декабргача Ўзбекистондаги барча авиа, темирйўл ва автобус қатновлари ҳақида маълумот ва чипта олиш имконини берадиган ягона онлайн платформа ишга туширилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонида қайд этилган.

Фармонга мувофиқ, 2024 йил 1 декабргача хорижий мамлакатлар кесимида халқаро туризм кўргазмаларида намойиш қилиш учун маданий, гастрономик ва ҳунармандчилик контенти ишлаб чиқилади.

Транспорт вазирлиги авиа, темирйўл ва автобус чипталарини табақалаштирилган нархларда камида 6 ой олдин савдога чиқариш тизимини жорий қилади. Наврўз умумхалқ байрами, Мустақиллик куни, Янги йил байрами ва Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр) ҳамда Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа) диний байрамларини нишонлаш даврида республика ҳудудларини боғловчи қўшимча авиа, темирйўл ва автобус қатновларини йўлга қўяди.

Шунингдек, вазирлик амалга оширилаётган тадбирлар, жумладан, очилаётган янги рейслар, рейслардаги юкламалар, шакллантирилаётган янги авиа ва темирйўл маршрутлари тўғрисида маълумотларни мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритиб боради.