Самарқанд шаҳрида қурилиш компанияси боғчани кенгайтириш вақтида 31 туп дарахтни кесиб ташлагани маълум бўлди, деб хабар беради вилоят Экология бошқармаси.

Боғимайдон маҳалласида жойлашган мактабгача таълим ташкилоти ҳудудида қўшимча 150 ўринли бино қуриш ва ҳудудда қайта қурилиш ишларини олиб бораётган «Самарқанд махсус сув дренаж» МЧЖ томонидан таълим ташкилоти ҳудудида мавжуд жами 31 туп дарахт кесилган. Уларнинг 30 тупи диаметри 6,6 см дан 24,5 см гача бўлган қимматбаҳо Элдор қарағайи, 1 тупи эса диаметри 27 см бўлган кам қимматли терак дарахти бўлган. Қурувчилар дарахтларни бинонинг ер ости қисмини қазиш вақтида йўқ қилган.

Ўрганишлар жараёнида ушбу ҳолатда табиатга 260 миллион 620 минг сўм зарар етказилгани маълум бўлди.

Мазкур ҳолатда ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдорида жиноят аломатлари борлиги сабабли айбдор шахсларга нисбатан қонун талабларига мувофиқ тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.