Ўзбекистон терма жамоаси Париждаги Олимпия ўйинларидаги иштирокини Испанияга қарши футбол учрашуви билан бошлайди. Ўйин 24 июль куни Тошкент вақти билан соат 18:00 да Париждаги «Парк де Пренс» стадионида бошланади. Ўзбекистонлик футболчилар оқ либосда майдонга тушади.

Терма жамоалар таркибида 23 ёшгача бўлган (2001 йил 1 январдан кейин туғилган) футболчилар иштирок этади. Ўзбекистон жамоаси аризасига кўра ушбу ёшдан катта 3 нафар футболчи (Элдор Шомуродов, Остон Ўрунов ва Ҳусниддин Алиқулов) киритилиши мумкин (тўлиқ таркиб).

«С» гуруҳида Ўзбекистон Испаниядан кейин 27 июль (20:00) куни Мисрга қарши баҳс олиб боради, учинчи ўйин эса 30 июль (18:00) куни Доминикан Республикасига қарши ўтказилади.

Олимпия терма жамоаси Францияга 11 июль куни етиб борди. 15 июль куни Гвинеяга қарши ёпиқ ўйин ўтказилиши режалаштирилганди, бироқ унинг ўрнига Франция иккинчи миллий дивизиони иштирокидаги «РC Грассе» футбол клуби рақиб бўлди ва унда ўзбекистонликлар 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди (голлар Остон Ўрунов, Умарали Раҳмоналиев, Муҳаммадқодир Ҳамралиевдан, Алишер Одилов эса дубл қилди).

Ўзбекистон 18 июль куни машғулотларда Янги Зеландияни 3:1 ҳисобида мағлуб этган, унда Остон Ўрунов битта гол урган бўлса, Ҳусайн Норчаев дублга эришди.

«Газета.uz» шарҳловчиси Дмитрий Поваров Ўзбекистон терма жамоасининг рақиблари ва турнир фаворитларига баҳо берганди (мақола рус тилида).

Олимпиадада Ўзбекистон делегацияси тарихида илк бор 90 нафар иштирокчи спортнинг 19 тури бўйича 75 та йўлланмани қўлга киритди. Бўлажак ўйинларда Ўзбекистон футбол, ўқ отиш, сувга сакраш ва аёллар кураши каби спорт турлари бўйича дебют қилади. Расмий равишда Олимпиада 26 июлдан 11 августгача бўлиб ўтади.