Европа иқлим ўзгариши хизмати Copernicus’нинг 1940 йилдан бери ҳисоблаб келинадиган маълумотларига кўра, 21 июль, якшанба рекорд даражадаги энг иссиқ кун бўлди.

Copernicus`нинг дастлабки маълумотларига қараганда, 2024 йилнинг 21 июлида ўртача кунлик глобал ҳарорат Целсий бўйича 17,09 даражага етган. Аввалги Целсий бўйича рекорд даража 2023 йилнинг 6 июлида 17,08 дея қайд этилганди.

иссиқлик, иқлим ўзгариши

Инфографика: Copernicus. 2024 (қизил), 2023 (тўқ сариқ) ва 1940 йилдан 2022 йилгача (кулранг) бўлган йилларнинг ўртача кунлик глобал ҳаво ҳарорати.

Шу билан бирга, Reuters агентлигининг Copernicus дастлабки маълумотларига таяниб ёзишича, 21 июлдаги рекорд 22 июль, душанба куни янгиланди. Ўша куни ўртача сиртдаги глобал ҳаво ҳарорати 17,15 даражани ташкил этди — якшанба кунги рекорддан 0,06 даража юқори.

Copernicus қайдларига кўра, 2023 ва 2024 йилларда кузатилган йиллик максимал ҳарорат аввалги йилларга нисбатан сезиларли даражада юқори бўлди. Умуман олганда, 2015 ва 2024 йиллар оралиғи энг юқори ўртача кунлик ҳароратга эга бўлган ўнйиллик бўлди, бу глобал исишнинг яна бир белгисидир, дейди иқлимшунослар.

Copernicus директори Карло Буонтемпонинг айтишича, охирги 13 ойлик ҳарорат ва аввалги даражаларнинг рекордлари ўртасидаги фарқ «ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли». «Биз ўрганилмаган ҳудуддамиз ва иқлим исишда давом этар экан, келгуси ойлар ва йилларда янги рекордларни ҳам кўришимиз мумкин», — дея қўшимча қилди у.

Reuters агентлигининг ёзишича, шу кунларда Япония, Индонезия ва Хитой шаҳарларида рекорд даражадаги иссиқ ҳарорат қайд этилган. Кўрфаз мамлакатларида иссиқлик даражаси (намликни ҳисобга олган ҳолда) Целсий бўйича 60 даражадан ошди. Европанинг айрим ҳудудларида эса ҳаво ҳарорати Целсий бўйича 45 даражадан ортиқни ташкил этмоқда.