2024 йил июль ойининг 23 куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида Notcoin савдоси билан шуғулланган фуқарога ҳукм ўқилди."Газета.uz" суд ҳукмини ўрганди.

Иш ҳужжатига кўра, 2024 йил 28 июнь куни Тошкент шаҳар ИИББ котибияти томонидан рўйхатга олинган фуқаро А.А.нинг аризаси юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилган. Унда Ғ.Ё.га тегишли телефон ва пластик картадан крипто-активларнинг ноқонуний фаолияти билан шуғуллангани аниқланган.

Суд мажлисида айбланувчи Ғ.Ё. юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолат бўйича айбини тан олиб, крипто-активни Telegram мессенжерида йиғганини, 20 000 дона Notcoin крипто-активини 150 АҚШ доллари эвазига сотганини, бунинг ноқонуний эканини билмаганини, бошқа бундай ҳолат такрорланмаслигини маълум қилиб, енгиллик беришни сўраган.

Суд Ғ.Ё.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 155−4-моддасининг 1-қисмида назарда (Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топиб, унга нисбатан 10 (ўн) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.

Айбланувчи ҳисобидан қамоқни ҳар бир куни учун қабул қилиш муассасаси фойдасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи, яъни 510 минг сўм ундириш белгиланди.

Ашёвий далил сифатида олинган бир дона RedMi Note 9 смартфони тегишли тартибда йўқ қилинди.