Парижда Олимпия ўйинлари доирасида футбол баҳслари бошланди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор иштирок этиб, дастлабки ўйинда Испанияга футболчиларига қарши тўп сурди. Олимпия ўйинлари доирасида баҳслар футбол оламида энг катта мусобақа бўлмаса-да, унда иштирок этувчи ёрқин футболчилар етарлича. Улар орасида футбол муҳлислари аллақачон яхши таниб улгурганлари, ютмаган соврини деярли қолмаганлари ҳам бор.

«Газета.uz» мусобақа старти арафасида унда ўйнайдиган энг машҳур 11 та футболчидан иборат рамзий таркибни тузишга ҳаракат қилиб кўрди. Албатта, бу таркибдаги футболчилар субъектив фикрлар асосида шакллантирилган бўлиб, Париждаги мусобақада улардан машҳурроқ футболчилар йўқ, деган фикрдан йироқмиз. Қуйида биз тузган таркиб билан танишинг ва ўзингиз энг машҳур футболчилар деб ҳисоблаган Олимпия ўйинлари иштирокчиларидан тузилган таркибни изоҳларда ёзиб қолдиринг.

Дарвозабон

Бизнинг версиямизга кўра, бу мусобақада дарвозани қўриқловчи энг машҳур кипер Испания терма жамоаси дарвозабони Арнау Тенас ҳисобланади. У ўз жамоаси билан гуруҳда Ўзбекистон терма жамоасига рақиблик қилади. «ПСЖ» клубининг иккинчи дарвозабони 23 ёшда бўлиб, «Барселона» клуби тарбияланувчиси саналади. 2020−2023 йилларда у айнан шу клуб шарафини ҳимоя қилган ва 2023 йил ёзида парижликлар сафига келиб қўшилган. Испания таркибида 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Европа чемпиони саналади. Клубдаги фаолияти давомида Франция чемпиони, Испания чемпиони ва Испания кубоги ҳамда суперкубоги ғолиби бўлиб улгурган.

Фото: «ПСЖ»Фото: «ПСЖ»

Ҳимоячилар

Ҳимоячилар орасида бизнинг тўртликдан Ашраф Ҳакими, Пау Кубарси, Николас Отаменди, Эрик Гарсия ўрин эгаллади. Марокашлик Ашраф Ҳакими ҳам айни вақтда «ПСЖ» таркибида тўп суради. Фаолиятини «Реал»да бошлаган футболчи кейинчалик Дортмунднинг «Боруссия»си ва Миланнинг «Интер»и шарафини ҳимоя қилган. Ашрафнинг совринлар хонаси ҳам бир қанча ютуқларга тўла. У Африканинг икки карра энг яхши ёш футболчиси дея эътироф этилган. Уч карра Франция ва бир марта Италия чемпиони бўлган. «Реал» сафида Чемпионлар лигаси ғолиби, УЕФА суперкубоги, Испания суперкубоги ва клублар ўртасида жаҳон чемпионати ғолиби, қўшимчасига «Боруссия» билан Германия суперкубогида ғалаба қозонган.

Фото: «ПСЖ»Фото: «ПСЖ»

Ҳимоя чизиғидаги яна бир футболчи бу бошқа бир испаниялик — Пау Кубарси. 17 ёшли иқтидор «Барселона» шарафини ҳимоя қилади. Клуби сафидаги дебют учрашувини шу йилнинг январь ойида ўтказган футболчи шундан бери 24 та учрашувда майдонга тушишга улгурди.

Фото: «Барселона»Фото: «Барселона»

Кейинги ҳимоячи — Аргентина терма жамоаси футболчиси Николас Отаменди. 36 ёшли футболчи «Бенфика» сардори саналади. Бунгача Аргентинанинг «Велес Сарсфилд» клуби билан мамлакат чемпиони, «Порту» билан Португалиянинг 3 карра чемпиони ва суперкубоги ғолиби, Европа лигаси ва Португалия кубоги соҳиби, «Манчестер Сити» билан 2 карра Англия чемпиони ва суперкубоги ғолиби бўлган. «Бенфика» сафида эса Португалия чемпиони ва мамлакат суперкубоги ғолиби бўлиб улгурган. Орада Испаниянинг «Валенсия»си сафида ҳам тўп сурган футболчининг мамлакат терма жамоаси сафидаги ютуқларига унча-мунча футболчи ҳавас қилса арзийди: Жаҳон чемпионати ва 2 карра Америка кубогидаги ғалаба, шунингдек, Финалиссимадаги муваффақият.

Фото: Mundo AlbicelesteФото: Mundo Albiceleste

Ҳимоя чизиғини яна бир испаниялик футболчи якунлаб беради. 23 ёшли Эрик Гарсия «Барселона» футболчиси ҳисобланади ва бир муддат Пеп Гвардиоланинг «Манчестер Сити»си сафида ўйнаган. «Ла Масия» тарбияланувчиси Испаниянинг 19 ва 17 ёшгача бўлган терма жамоаси таркибида Европа чемпиони бўлиб улгурган. Клуб сафида эса Англия ва Испания чемпиони, шунингдек, бир қатор кубоклар соҳиби саналади.

Фото: «Барселона»Фото: «Барселона»

Ярим ҳимоячилар

Ярим ҳимоя чизиғини франциялик футболчи бошлаб беради. Мезбонлар сафида ғолиблик учун курашувчи Майкл Олисе яқиндагина «Бавария» сафига бориб қўшилди. Бунгача Франциянинг 18 ва 21 ёшгача бўлган терма жамоаларига жалб қилинган. Футболчилик фаолиятида Англиянинг «Рединг» ва «Кристал Пэлас» клубларида тўп сурган.

Фото: «Бавария»Фото: «Бавария»

Ярим ҳимоя чизиғидан гвинеялик футболчи Наби Кейта ҳам ўрин эгаллади. «Лейпциг» ва «Ливерпуль»даги ўйинлари билан танилган футболчи ҳам клублардаги фаолияти давомида бир қанча муҳим совринларни қўлга киритиб улгурган. Айни вақтда Германиянинг «Вердер» клуби шарафини ҳимоя қилаётган футболчи «Ливерпуль» билан Англия чемпиони, Чемпионлар лигаси ғолиби, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати олтин медали соҳиби саналади.

Фото: «Ливерпуль»Фото: «Ливерпуль»

Ярим ҳимоя чизиғини яна бир испаниялик иқтидор Фермин Лопес ёпиб беради. Футболчи яқиндагина Испания чемпион бўлган Евро-2024 мусобақасида ҳам қатнашди. 21 ёшли «Барселона» футболчиси клубдаги дебютини 2023 йил августида ўтказди ва ҳозиргача 31 та ўйинда майдонга тушди.

Фото: «Барселона»Фото: «Барселона»

Ҳужумчилар

Ҳужум чизиғи вакиллари орасида энг машҳур футболчилардан бири бу, шубҳасиз, Франция форварди Александр Ляказет ҳисобланади. «Лион» етакчиси бир неча йил Англиянинг «Арсенал» клуби шарафини ҳимоя қилган. 33 ёшли ҳужумчи Франциянинг деярли барча ёш тоифаларидаги терма жамоалари сафида тўп сурган ва 19 ёшгача бўлган футболчилар орасида Европа чемпиони саналади. Клуб сафида Англия ва Франция суперкубоклари ва кубоклари ғолиби ҳисобланади.

Фото: «L'Équipe»Фото: «L'Équipe»

Кейинги ҳужумчини фаолияти давомида ютмаган соврини қолмади, десак, муболаға бўлмаса керак. 24 ёшли Хулиан Алварес Англиянинг «Манчестер Сити» клуби сафида тўп суради. У ҳам Отаменди каби жаҳон ва 2 карра Америка чемпиони, Финалиссима ғолиби саналади. «Манчестер Сити» билан эса Европа чемпионлар лигаси, Европа суперкубоги, Клублар ўртасида жаҳон чемпионати, Англия чемпионати, Англия кубоги ғолиби бўлиб улгурди. Шунингдек, бунгача «Ривер Плейт» сафида Аргентина чемпиони, мамлакат кубоги ва суперкубоги ҳамда Либертадоресда ғалаба қозонган.

Фото: «Манчестер Сити»Фото: «Манчестер Сити»

Таркибни Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси Элдор Шомуродов ёпиб беради. «Рома» ҳужумчиси УЕФА Конференциялар лигаси ғолиби ва Европа лигаси финалчиси ҳисобланади. Шунингдек, Элдор Ўзбекистон тарихидаги энг яхши ҳужумчилардан бири саналади ва мамлакатда икки карра йил футболчиси деб топилган.

Фото: «Рома»Фото: «Рома»

Шу тариқа биз тузган таркиб қуйидагича кўриниш олди. Сизнинг версиянгизда бу таркиб қандай бўлиши лозим эди? Ўз вариантингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг.

График таркиб: «Газета.uz»График таркиб: «Газета.uz»