Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва унинг олдини олиш юзасидан бажарган ишлари ҳақида ҳисобот берди. Бу ҳақда омбудсман матбуот котиби Фотима Мадраҳимова маълумот берди.

Текширилган ҳудудлар

2024 йилнинг 1-ярим йиллигида Омбудсман ва Жамоатчилик гуруҳлари ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 452 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширди. 2023 йилнинг 6 ойида — 348 та.

Мониторинг ташрифларнинг 56 таси жазони ижро этиш колониялари, 71 таси тергов ҳибсхоналари, 93 таси вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, 28 таси Махсус қабулхоналар, 17 таси реабилитация қилиш марказлари, 23 таси наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг филиаллари, 28 таси руҳий-асаб касалликлари шифохоналари, 36 таси «Саховат» ва «Мурувват» уйлари, 61 таси мастлик ҳолатидагиларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ва 8 таси туман (шаҳар) Ички ишлар бўлимларида ўтказилган. Мониторинг ташрифлари давомида 3 мингга яқин маҳкум ва маҳбуслар билан жамоавий ҳамда 1585 минг нафар шахс билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.

Омбудсман муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, меҳнат қилиш шароитлари ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, сақланаётган шахслар учун олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилаётгани ва бошқа шу каби ҳолатларни ўрганди.

Мониторингда кўзга ташланган камчиликлар юзасидан 6 ойда Омбудсман томонидан мутасадди ва тегишли вазирлик ва идораларга 5 та талабнома, 5 та тақдимнома, 8 та хулоса ва 2 та таҳлилий ахборотлар киритилди.

Мониторингда аниқланган камчиликлар

Омбудсман томонидан киритилган таъсир чораларини кўриб чиқиш натижаларига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманидаги эскирган, беморларни сақлаш ва даволашда антисанитар ҳолатга келган Наркология диспансери Нукус туманида жойлашган бўш бинога кўчирилди ва беморларга қулай шароитлар яратилди.

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларда ишловчи 50 нафар ходимга камчиликлар сабаб ҳайфсан берилди, 2 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилди, 3 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Таъмирланган муассасалар

Омбудсман тавсиясига кўра, Жиззах шаҳар ҳамда Дўстлик туманидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, Тошкент вилояти Чиноз туманидаги ВСҲ капитал, Самарқанд вилоятидаги ВСҲ жорий таъмирланди.

Нурафшон шаҳар ва Тошкент тумани ВСҲларидаги таъмирталаб ҳолатга келган камера ва сайр қилиш хоналари тўлиқ таъмирланди.

Навоийдаги 36-сон Манзил-колониясидаги маҳкумларнинг умумий сони учун кичиклик қиладиган ошхона ўрнига 300 ўринга мўлжалланган барча қулайликларга эга бўлган ошхона қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Бухородаги 4-сон тергов ҳибсхонасида хўжалик ишларига жалб қилинган маҳкумлар учун яқин қариндошлари билан учрашув хоналари қурилмоқда.

Маҳкум ва маҳбусларнинг мурожаатлари

Ҳисобот даврида Омбудсманга ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар ҳамда уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячилари (адвокатлари) томонидан 1 271 та мурожаат келиб тушди. Бу кўрсаткич 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 16 фоизга камайган.

Мурожаатларда суд ҳукми, суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларидан норозилик, суд ҳукмини енгиллаштириш, муддатидан олдин озод этиш ва (ёки) афв этиш, руҳий, психологик, жисмоний босим ўтказилганлиги ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги, Омбудсман билан учрашув, бошқа муассасага ўтказиш, оила аъзоларига кўмак бериш, тиббий ёрдам кўрсатиш, суд мажлисида Омбудсман Котибияти ходимининг иштироки ва бошқа масалалар кўтарилган.

Мурожаатларга муносабатлар

Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, 24 нафар жазо муддатини ўтаётган шахслар махсус тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 13 нафари даволаниш учун касалхоналарга жойлаштирилди.

7 нафар маҳкумга жазо муддатининг ўталмай қолган қисмини енгилроғига алмаштиришида ёки муддатидан илгари шартли озод этилишида, 5 нафарига амалдаги интизомий таъсир чорасини муддатидан аввал рағбатлантириш тариқасида ечилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

2 нафар маҳкум яшаш жойига яқин бўлган жазони ижро этиш муассасаларига ўтказилган.

Манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг 6 нафар вояга етмаган фарзандларига бола нафақаси пули олишда ва 5 нафар маҳкумнинг оила аъзоларига жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар кўмагида моддий ёрдам ажратилишига эришилди.

Омбудсман номига 2024 йил 1-ярим йиллигида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги юзасидан 95 та шикоят келиб тушди. Бу кўрсаткич 2023 йилнинг шу даврида 125 тани ташкил этган.

Шикоятларнинг 8 таси юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар Омбудсман мурожаатига асосан юқори турувчи прокурорлар томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиши белгиланган. 35 таси эса ўтказилган хизмат текширувлари ҳамда прокуратура органлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув якунларига кўра ўз тасдиғини топмади.

Омбудсманнинг назорат хатига кўра, 1 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган. 52 та шикоят юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.