Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида табиий газдан ноқонуний фойдаланган тадбиркорлик субъекти аниқланди, деб хабар бермоқда «Ўзэнергоинспекция» матбуот хизмати.

Қайд этилишича, инспекция вилоят ҳудудий бошқармаси, ИИБ ва Бош прокуратура департаменти, газ таъминоти корхонаси ҳамкорлигида назорат тадбири ўтказилган. Унда Марғилон шаҳрида фаолият юритаётган «Ш.И.Д.» МЧЖнинг қурилмалари газ ҳисоблагичдан ташқари, тўғридан-тўғри табиий газ тармоғига ноқонуний улангани аниқланган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат манфаатларига 7 миллиард 143 миллион сўм зарар етказилган.

Ушбу қоидабузарлик ҳолати бўйича далолатнома расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.