Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе олимпия шаҳарчасида етарли даражада муаммолар борлигини маълум қилди. Бу ҳақда Chempionat.asia хабар қилди.

Бош мураббий шаҳарчада қийинчиликлар етарли эканини қайд этди.

«Олимпия шаҳарчасига келганимиздан бери ҳар куни қандайдир воқеалар содир бўлмоқда. Хона масаласида, машғулотга бориб-келиш масаласида, ҳали автобус келмайди, ҳали автобуслар йўлда адашиб қолмоқда. Машғулотларга бориб-келишнинг ўзига кўп вақт сарф қилмоқдамиз. Нафақат биз, балки бошқа жамоаларда шундай муаммолар бор», — деди Кападзе.

«Мусобақа ташкилотчилигида озгина муаммолар борлиги кўриниб қолмоқда. Бу ерда фақат футболга тайёргарлик кўришни ўйламас экансиз. Яна бошқа масалаларни ўйлаш керак экан. Биринчи кун келганимизда бизни жойлаштиришди, бироқ эртасига бу сизларни хоналар эмас экан деб яна бўшаттиришди. Бошқа корпусга ўтадиган мураббийлар бўлди. Ўзига яраша ҳар куни қандайдир вазиятлар бўлиб турибди. Ҳаммамиз биргаликда бундай ҳолатлардан чиқишга ҳаракат қилмоқдамиз», — деди бош мураббийи.

Кападзе таъкидлашича, ушбу майда нарсалар ҳам ўйинга тайёргарлик олиб боришга тўсқинлик қилади.

«Футбол баҳсларини бошқа шаҳарда ўтказаётган жамоалар меҳмонхонада яшашмоқда, уларда биз каби муаммолар бўлмаяпти. Олимпия шаҳарчасида яшашнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор экан. Юртимизнинг бошқа спортчилари билан гаплашсак, Токиода ўтган олимпиада бундан анча тартибли ўтган экан. Ўзимиз иштирок этган Осиё ўйинларида ҳам бундай ҳолатларни кўрмагандик. Нима бўлган тақдирда ҳам кейинги учрашувларга тайёргарликларни давом эттирамиз», — деди Кападзе.

Эслатиб ўтамиз, Олимпияда ўйинларида иштирок этаётган футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Испания, Миср ва Доминикан Республикаси билан «С» гуруҳидан жой олган. Жамоа 24 июль куни 1-тур ўйинида Испанияга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Мисрга қарши кейинги ўйин 27 июлда бўлиб ўтади.