Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов 25 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида асосий ставканинг 14 фоиздан 13,5 фоизга туширилиши «пул-кредит шароитларининг қатъийлик даражасига сезиларли таъсир кўрсатмаслигини» айтди.

«Бугунги қарордан кейин [ставка пасайтирилиши] Марказий банк тўлиқ пул-кредит сиёсатини юмшатиш ва асосий ставкани пасайтириш циклига ўтди, деган хулосага келишга бироз эрта. Чунки шаклланаётган макроиқтисодий шароитлар, инфляция кутилмалари ва жорий инфляция биз учун энг муҳим кўрсаткичлар ҳисобланади. Бугун биз бу босқич тўлиқ бошланди, деб айта олмаймиз, чунки геоиқтисодий ноаниқликлар кўп, чекловлар кўп», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, 2025 йилнинг майигача нисбатан юқори даражадаги инфляция (9 фоизгача) сақланиб қолади, шунинг учун регулятор пул-кредит сиёсатини юмшатишга ўтмоқда, дейиш мумкин эмас, яъни бу қарор пул-кредит шароитларининг қатъийлик даражасига сезиларли таъсир кўрсатмайди ва унинг «чекловчи» характери сақланиб қолади.

«Агар вазият биз кутгандан яхшироқ бўлса, биз асосий ставкани кўриб чиқишга тайёрмиз. Бироқ ҳозир бундай тенденция бошланди, деб айта олмаймиз», — дея қўшимча қилди МБ раҳбари.

Мамаризо Нурмуратовнинг таъкидлашча, айни дамда «бу қарорни иқтисодиётда базавий инфляциянинг барқарор пасайиш тенденцияси шакллангани ва инфляцияни йил охиригача прогноз даражасига тушириш учун етарли шарт-шароит яратилганининг эътирофи сифатида баҳолаш тўғри бўлади».

«Асосий ставкани пасайтириш босқичига тўлиқ ўтиш кўп жиҳатдан ўрта муддатли истиқболда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш бўйича пул-кредит ва макропруденциал сиёсат доирасида белгиланган чора-тадбирларнинг тўлиқ амалга оширилиши ва самарадорлигига боғлиқ», — деди у.

Регуляторнинг асосий мақсади жорий йил охиригача инфляция даражасини 9 фоизга камайтириш ва ўрта муддатли истиқболда 5 фоиз кўрсаткичига эришишдир.

Марказий банк пайшанба куни ставкани 13,5 фоизга туширди. Охирги марта ставка ўтган йилнинг март ойида ўзгартирилганди, ўшанда у 15% дан 14% гача камайган. Охирги марта Марказий банк ставкаси етти йил аввал — 2017 йилнинг 24 июнигача 14 фоиздан пастроқ бўлган, ўша пайт у 9 фоизни ташкил қилар эди.

Асосий ставка нима?

Марказий банк асосий ставкаси — пул-кредит сиёсатининг асосий инструментларидан бири ҳисобланади. Банклараро пул бозоридаги фоиз ставкалари, шунингдек, Марказий банк томонидан банк тизимига ликвидликни тақдим этиш бевосита асосий ставкага боғлиқ.

Шундай қилиб, асосий ставка иқтисодиётдаги фоиз ставкалари даражасига, шунингдек, аҳоли ва бизнеснинг истеъмол ва инвестицион (сармоя киритиш) қарорларига таъсир кўрсатган ҳолда ички талаб ва инфляция даражаси ўзгаришида аҳамият касб этади.

Ўз навбатида, тижорат банклари асосий ставканинг траекториясини кузатиб, пул бозоридаги ликвидлик яқин келажакда арзон ёки қимматлашишини тушунади. Табиийки, бу эса, банкларни ўз маҳсулотлари ва хизматлари нархларини ўзгартиришга ундайди (масалан, аҳоли ва тадбиркорлардан жалб этиладиган омонатлар ва уларга ажратиладиган кредитлар билан боғлиқ харажатлар).

Агар иқтисодиётда инфляция даражасининг ўсиш суръати жиддий тезлашса ва Марказий банк асосий ставкани кўтарса, ушбу ҳолат банклар томонидан депозит ва кредитлар бўйича фоиз ставкаларини ошириш эҳтимолини юзага келтиради. Бу эса, банклараро (жорий ликвидликни таъминлаш мақсадида банклар бир-бирларига пул маблағларини маълум бир фоиз эвазига тақдим этадиган бозор) ва умуман олганда пул бозорида маблағларни жалб этиш билан боғлиқ харажатларнинг ошишига олиб келади.

Инфляция даражаси ҳамда асосий ставканинг пасайиши банклараро пул бозорида пул маблағларини жалб этиш арзонлашишига, бу эса юқори бўлмаган фоиз ставкаларида кредитлар ажратиш орқали аҳоли ва тадбиркорлар учун молиявий манбаларнинг мақбуллашишига сабаб бўлади.

Фоиз ставкаларининг пасайиши банк бозоридаги рақобатга ҳам жуда боғлиқ.