2024 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонга трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 25 фоизга ошди. Бу ҳақда 25 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

Пул ўтказмалари ҳажми 6,5 миллиард долларни ташкил этди (2023 йилнинг январь-июнь ойларида бу кўрсаткич 5,2 миллиард доллар бўлган). Бу МБнинг декабрь ва апрель ойларидаги дастлабки прогнозларидан икки баравар кўп (ҳозирги 25 фоиз ўрнига 11−12 фоиз кутилганди).

Унга кўра, меҳнат миграцияси географияси кенгайишда, нақд пул тушумлари эса диверсификацияланишда давом этмоқда. Хусусан, Россиянинг улуши 2022 йилдаги 81−82 фоиздан 77 фоизга — 4,95 миллиард долларга камайган.

«[Россиядан] пасайиш кузатилмоқда, биз буни пул ўтказмалари сонида кўряпмиз. Биз нафақат суммани, балки қандай сумма ва қанча транзакция бўлаётганини ҳам кўряпмиз, у ерда ҳам пасайиш кузатилмоқда», — деди Мамаризо Нурмуратов.

Қозоғистондан тушумлар 347 миллион долларга, АҚШдан 271 миллион долларга (+43 фоиз), Жанубий Кореядан 267,3 миллион долларга (+90 фоиз) ошди. Бундан ташқари, Германия (+64%) ва Польшадан (+93%) пул ўтказмалари оқими кўпайди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил охирида Россиянинг пул ўтказмаларидаги улуши қарийб 87 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йилда кўрсаткич 78 фоизга камайган.

Ўтган йил охирида Жаҳон банки Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажмининг босқичма-босқич қисқаришини қайд этган эди. Бу Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони қисқаргани, сўм курсининг рублга нисбатан мустаҳкамлангани ва рубль инфляцияси билан изоҳланган.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Шавкат Мирзиёев 100 мингга яқин фуқарони ташкилий равишда хорижий давлатларда ишга жойлаштириш учун ўқитишни ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди. Кейинчалик Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Германия, шунингдек, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлардаги 50 мингта вакансия учун танлов эълон қилганди. Меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш ва ўқитиш бўйича ҳам янги чора-тадбирлар жорий этилмоқда.