Суд «Навоийазот»нинг Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига қарши даъвосини қаноатлантирмади.

11 июнь куни Рақобат қўмитаси «Навоийазот»га монополияга қарши қонунчиликни бузгани юзасидан иш қўзғатганди.

Маълум қилинишича, қўмита корхона ишлаб чиқарган юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар биржа орқали сотилишида нарх манипуляцияси ҳолатларини аниқлаган. Бунинг оқибатида таклифнинг сунъий равишда камайтирилиши нархларнинг ўртача 10 фоиздан 50 фоизгача ошишига олиб келган.

Хусусан, қўмита маълумотларига кўра, «Навоийазот» ишлаб чиқарилган карбамид, сульфат аммония ва суперфосфатнинг тўлиқ ҳажмларини сотувга қўймаган. Минерал ўғитларнинг барча турлари бўйича давлат корхонаси устун мавқега эга ва тегишли реестрга киритилган.

Бундан ташқари, қўмитанинг таъкидлашича, давлат компанияси поливинилхлорид ва формалин нархини манипуляция қилган. Уларга нисбатан ҳам монопол товарларни фақат биржа орқали сотиш талаблари мавжуд.

Монополияга қарши органнинг хулосасига кўра, 2021−2023 йилларда «Навоийазот» юқорида қайд этилган барча турдаги 57,2 минг тонна маҳсулотни аукционга қўймаган, бу эса нархларнинг ошишига олиб келган. Нархларни ошириб юборишдан корхонанинг асоссиз фойдаси 20,5 миллиард сўмга баҳоланмоқда.

Ушбу фактлар асосида қўмита «Навоийазот»га нисбатан иш очганди. Корхонага қонунбузарликларни бартараф этиш ва келгусида уларнинг олдини олиш бўйича кўрсатма берилган.

«Навоийазот»нинг муносабати ва суд қарори

«Навоийазот»нинг таъкидлашича, қўмита аввалроқ компаниянинг 2018−2023 йиллардаги фаолиятини ўрганиб, корхона асоссиз даромад олганини билдирган. Шундан сўнг «Навоийазот» Тошкент шаҳри туманлараро маъмурий судига ариза билан мурожаат қилган ва суд ўтган йилнинг 8 ноябрида шикоятни қаноатлантириб, қўмита комиссиясининг қарорини ҳақиқий эмас деб топган.

Жорий йилда қўмита компаниянинг 2021−2023 йиллардаги фаолиятини қайта ўрганиб чиққан ва биржаларда юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни сотиш бўйича талаблар бузилганини аниқлаган. Ташкилот Рақобатни қўллаб-қувватлаш жамғармасига 20,5 миллиард сўм миқдоридаги асоссиз даромадни ундиришга қарор қилган.

«Навоийазот» монополияга қарши орган ва фонд биржасини «корхонада мавжуд технологик жараёнлардан келиб чиққан ҳолда» белгиланган ҳажмда ва муддатларда кимёвий маҳсулотлар биржага чиқарилмаган ҳолатлар тўғрисида ёзма равишда мунтазам хабардор қилиб боришини маълум қилган. Компаниянинг қайд этишича, ҳолат қасддан қилинмаган.

Етказиб берувчи маълумотларига кўра, 2021−2023 йилларда биржага 3,29 миллион тонна минерал ўғит қўйилган, шундан 2,37 миллион тоннаси харид қилинган.

Компания асоссиз даромадни ундириш мақсадида ушбу қарорни ҳақиқий эмас деб топиш учун судга мурожаат қилган.

Бироқ, Рақобат қўмитасининг маълум қилишича, 23 июль куни Тошкент туманлараро маъмурий суди «Навоийазот»нинг монополияга қарши орган қарори устидан шикоятини рад этган.

Аввалроқ Рақобат қўмитаси «Лукойл» шуъба корхонасини «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларини ҳамда биржа аукционларида юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш қоидаларини бузганликда айбдор деб топганди. Қўмита асоссиз олинган даромадни қайтаришга қарор қилганди.