Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу 24 июль куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида нутқ сўзлади. У ҲАМАС устидан «тўлиқ ғалаба»га эришишга ваъда берди ва АҚШни қурол етказиб беришни тезлаштиришга чақирди, деб хабар бермоқда CNN.

«Исроил ҲАМАСнинг ҳарбий салоҳияти ва Ғазодаги қудратини йўқ қилиб, барча гаровга олинганларни уйларига олиб келгунимизча курашади. Бу тўлиқ ғалаба дегани. Биз бундан кам нарса билан кифояланмаймиз», — деди Нетаньяҳу.

У урушдан кейинги Ғазо бўйича ҳам ўз қарашларини баён қилди. «Уруш тугайдиган кун ҳақидаги тасаввурим қуролсизланган ва дерадикаллаштирилган Ғазодир», — деди бош вазир.

Нетаньяҳу Исроил Ғазони босиб олишга интилмаслигини, бироқ анклав бошқа «таҳдид туғдирмаслигини» таъминлаш учун яқин келажакда «хавфсизлик назоратини сақлаб қолиши» кераклигини яна бир бор таъкидлади.

«Ғазода Исроилни йўқ қилишга интилмайдиган фаластинликлар бошқарадиган фуқаролик маъмурияти бўлиши керак. Бу биз талаб қилиш ва олиш ҳуқуқига эга бўлган асосий нарса», — деди Исроил ҳукумати раҳбари.

Нетаньяҳу Исроилга қарши Ғазода фаластинликлар геноциди айбловларини «ўта ғайритабиий туҳмат», Исроил анклав аҳолисини очликда тутиб тургани ҳақидаги даъволарни эса «мутлақо бемаънилик» деб атади. Унинг сўзларига кўра, Исроил ҳукумати Ғазога «инсонпарварлик ёрдами бўлган 40 мингдан ортиқ юк машинасини» ўтказиб юборган. CNN`нинг қайд этишича, БМТ бу рақамни тасдиқламаган. Ташкилот маълумотларига кўра, Ғазо аҳолисининг 96 фоизи ҳозирда «инқироз» даражасида ёки ундан юқори даражада озиқ-овқат танқислигига дуч келмоқда.

Нетаньяҳу, шунингдек, уни ҳибсга олиш учун ордер бериши кутилаётган Халқаро жиноий судни (ХЖС) «Исроилнинг қўлларини кишанлашга уринишда» айблади. Бундай ҳаракат «барча демократик мамлакатларнинг терроризмга қарши курашиш қобилиятини» хавф остига қўяди, деди Исроил бош вазири.

Нетаньяҳу Ғазо урушини Исроил томонидан Америка манфаатлари йўлида олиб борилаётган Эронга қарши уруш сифатида кўрсатди.

«Эрон Америкага чинакамига қарши туриш учун аввало Яқин Шарқни забт этиши кераклигини тушунади. Бунинг учун у ўзининг кўп сонли воситачиларидан, жумладан, хусийлар, Ҳизбуллоҳ ва ҲАМАСдан фойдаланади. Бироқ Яқин Шарқнинг қоқ марказида Эрон йўлида битта мағрур америкапараст демократия турибди — бизнинг мамлакатимиз, Исроил давлати, — деди у. — Шу сабабли Исроил ҲАМАСга қарши курашаётганда, биз Эронга қарши курашамиз. Биз Ҳизбуллоҳ билан курашаётганда, Эронга қарши курашамиз. Хусийлар билан курашаётганда, Эронга қарши курашамиз».

Исроил ҳукумати раҳбари АҚШни «Ғазодаги урушни тезроқ тугатиш» ва «Яқин Шарқда каттароқ урушнинг олдини олишга ёрдам бериш» учун ўз мамлакатига ҳарбий ёрдам етказиб беришни тезлаштиришга чақирди.

Нетаньяҳу бутун дунёда, жумладан, АҚШда бўлиб ўтаётган урушга қарши ва Фаластинни қўллаб-қувватловчи намойишларни «Исроилга қарши» деб атади ва намойишчилар «уялиши керак» деди. «Аниқлик яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги фарқни тушунишдан бошланади. Исроилга қарши намойишчиларнинг кўпчилиги ёвузлик томонида туришни танлаганига ақлбовар қилмайди. Улар ҲАМАСни қўллаб-қувватлаяпти. Улар зўравон ва қотилларни қўллаб-қувватлаяпти», — деди у.

CNN`нинг қайд этишича, Нетаньяҳунинг нутқи 52 дақиқа давом этган ва асосан республикачилар томонидан олқишлар билан кутиб олинган. AP хабарига кўра, Конгресснинг 60 дан ортиқ демократ аъзоси, жумладан, Вакиллар палатаси собиқ спикери Нэнси Пелоси ҳам мажлисни бойкот қилган. Конгресснинг Фаластин миллатига мансуб ягона аъзоси Рашида Тлаиб Нетаньяҳу нутқи чоғида «Уруш жиноятчиси» ва «Геноцидда айбдор» деган ёзувни кўтарди, деб ёзди NBC News.

Нетаньяҳу нутқи давомида минглаб намойишчилар Капитолий тепалиги атрофида тўпланди, деб ёзмоқда CNN. Улар Америка байроқлари ва Исроил бош вазирининг суратларини ёқиб юборган. Нетаньяҳу нутқида уларни «Эроннинг фойдали аҳмоқлари» деб атади.

  • Бу Биньямин Нетаньяҳунинг АҚШ Конгрессидаги тўртинчи нутқи бўлди, бундан аввалгиси 2015 йилда бўлган. Шу тариқа у тарихда америкалик қонунчилар олдида энг кўп чиқиш қилган хорижий лидерга айланди.