Ўзбекистон фуқароси Польшада икки ўсмирга ҳужум қилгани айтилган ишда жабрланувчи бўлиб чиқди, дея хабар қилди Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонаси матбуот хизмати.

Польша оммавий ахборот воситалари яқинда Варшавадаги Бродненск боғида озиқ-овқат етказиб бериш хизматида ишлаган 26 ёшли ўзбекистонлик йигит украиналик 15 ёшли икки ўсмирга пичоқ билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берганди.

Ўзбекистон элчихонаси вазиятга ойдинлик киритиш учун ўша йигит — Машҳурбек Козимжонов ва ҳуқуқ тартибот идоралари билан боғланди. Идора йигит қиз билан онлайн танишув сайти орқали танишиб, фирибгарлар тузоғига тушиб қолганини маълум қилди.

«Қиз уни талон-тарож қилиш мақсадида ўзининг ҳамюртлари олдига олиб келган. Ўзбекистон фуқароси калтаклангандан сўнг ўзини ҳимоя қилган», — дейилади хабарда.

Жабрланувчининг ўзи эса уч-тўртта украиналик унга босқинчилик уюштиргани, ўзини ҳимоя қилаётганида улардан бирига жароҳат етказганини айтди. У кўрсатилаётган ёрдам учун элчихонага миннатдорчилик билдирди.

Дипломатик миссиянинг билдиришича, Польша ҳуқуқ-тартибот идоралари билан Козимжоновнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида олиб борилган музокаралар ва тезкор тадбирлар натижасида унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилинишига эришилди.

Тергов билан боғлиқ кейинги ҳаракатлар Польшадаги дипломатик ваколатхона ва фаол ватандошлар назоратида остида, дейилади хабарда