Шимолий Корея чоршанбага ўтар кечаси яна Жанубий Корея томонга чиқинди билан тўлдирилган юзлаб шарларни учирди, деб хабар бермоқда Yonhap ахборот агентлиги. Ушбу ҳаво шарларидан бири Сеул марказидаги Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлнинг идораси жойлашган мажмуа ҳудудига келиб тушди.

«Кимёвий, биологик ва радиологик чора-тадбирлар гуруҳи томонидан олиб борилган тергов объектлар хавф туғдирмаслигини кўрсатди», — дейилади Президент хавфсизлик хизмати хабарида.

Yonhap агентлигининг қайд этишича, Жанубий Корея ҳарбийлари ҳаво шарларидаги потенциал хавфли қисмлар тарқалиб кетиши ва қўшимча зарар етказилишининг олдини олиш учун уларни ҳавода уриб туширмайди.

Қолган шарлар кундузи Сеул ва шимолий Кёнгидо провинциясининг турли қисмларига тушди. Шу сабабли Кимпхо халқаро аэропортида учиш ва қўнишлар тахминан бир соатга тўхтатилди.

Май ойининг охиридан бери КХДР жанубий кореялик фаоллар томонидан шимолга учирилган ҳукуматга қарши варақаларга жавобан Жанубий Корея томон 3000 дан ортиқ чиқинди шарларини учириб келмоқда.

Якшанба куни Жанубий Корея чегарадаги овоз кучайтиргичлардан эшиттиришларни қайтадан бошлади. Бундай ташвиқот кўрсатувлари одатда янгиликлар эшиттиришлари, чегара яқинидаги Шимолий Корея аскарларини Жанубий Кореяга қочиб кетишга чақириш ва тақиқланган кей-поп қўшиқлари, жумладан, BTS гуруҳининг Dynamite ва Butter хитларини ўз ичига олади, деб ёзади Yonhap.