22 июль куни соат 19:05 атрофида Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида Lacetti ва Cobalt иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси сабабли 8 киши вафот этди, дея хабар бермоқда Республика Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 30 ёшли М.Н. Lacetti автомобилини туман марказидан «Қорақалпоғистон» ППЖ томонга бошқариб бораётиб бошқарувни йўқотган. Сўнгра қарама-қарши томонга чиқиб кетиб, 23 ёшли У.Д. бошқарувидаги Cobalt билан тўқнашган. Тармоқлардаги видеода Lacetti ёниб кетганини кўриш мумкин.

Оқибатда Lacetti ҳайдовчиси ва унинг 38 ёшли йўловчиси ҳамда Cobalt ҳайдовчиси У.Д. ҳодиса жойида вафот этган.

Шунингдек, Lacetti`нинг 49 ёшли йўловчиси ҳамда Cobalt`нинг 27, 30, 31 ва 53 ёшли йўловчилари Қўнғирот тумани тиббиёт бирлашмасига тан жароҳати билан ётқизилган. Бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан олган тан жароҳати оқибатида ўзига келмасдан вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.