24 июль куни Вазирлар Маҳкамаси «Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли шифохонасини ташкил этиш тўғрисида» қарор қабул қилди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Ҳужжатга мувофиқ, коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган махсус Зангиота 2-сон шифохонасининг бўш турган бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли шифохонасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилади.

Шифохонанинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:

  • 18 ёшгача бўлган болаларда зарур тиббий текширувларни ўтказиш, уларга юқори малакали тиббий-консультатив ҳамда ихтисослаштирилган стационар ёрдамини кўрсатиш;
  • туман тиббиёт бирлашмаларига амалий-методик ёрдам бериш;
  • Тошкент шаҳар тиббиёт муассасалари амалиётига замонавий тиббиёт технологиялари ва бошқарув усулларини жорий этишда кўмаклашиш;
  • тиббиёт ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда иштирок этиш.

1 сентябрга қадар Болалар шифохонасининг бино ва иншоотларида зарур қурилиш ҳамда таъмирлаш ишларини амалга оширилиб, болаларга тиббий ёрдам кўрсатишга мослаштирилади.

Болалар шифохонаси давлат бюджетидан молиялаштирилади ва у 500 ўринга мўлжалланади.