Тармоқларда Тошкент кўчаларининг бирида кечки вақт King Long русумли ўта катта сиғимли («гармошка») автобус йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, хавфли «манёвр»ларни амалга оширгани акс этган видео тарқалди.

Ҳолат бўйича «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси матбуот хизмати муносабат билдириб, 58-сонли автобус ҳайдовчиси С.Ф. ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, қўпол қоидабузарлик содир этганини маълум қилди. У ўз ишини якунлаганидан сўнг газ қўйиш шохобчаси томон ҳаракатланаётган пайтда дўстлари билан шаҳар кўчаларида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб, авария ҳолатини келтириб чиқарган ва буни видеога олган.

«Бу видеони олишдан мақсад — Instagram тармоғига жойлаштириш. Бундай салбий оқибатларга олиб келишини билмагандим. Қилган ишимдан минг бор афсусдаман», — деди ҳайдовчи.

Мазкур ҳаракатлар учун ҳайдовчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Компания қўпол қоидабузарлик содир этиб, меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳайдовчиларнинг электрон базаси, яъни, «Қора рўйхат»и жорий этилганини эслатди. Унга кўра, ушбу ҳайдовчилар автобус саройи филиалларига қайта ишга олинмасликлари қатъий белгиланган.

Шу кунга қадар ушбу рўйхатга киритилган ҳайдовчилар сони 197 нафарни ташкил этмоқда. Хусусан, юқоридаги ҳайдовчи ҳам ушбу қора рўйхатга киритилди.

Бундан ташқари, қоидабузарлик чоғида нафақат ўзининг балки бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳам ҳаётини хавф остига қўйгани сабабли Ф.С.ни ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш юзасидан жиноят ишлари судига махсус тақдимнома киритилган.