Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари жойларда рейд ўтказиб, Сирдарё, Фарғона, Хоразм ва Андижон вилоятларида гиёҳвандлик ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйди. Telegram’даги Xavfsizlik канали тезкор тадбирдан олинган лавҳаларни эълон қилди.

Хусусан, Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги «Сардоба» ЙПХ масканида «Тошкент-Жиззах» йўналишида ҳаракатланаётган жиззахлик 27 ёшли муқаддам судланган шахснинг Cobalt автомашинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада, автомашина юкхонасига 3080 дона «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари яшириб қўйилганлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Шунингдек, мазкур шахснинг жиноий шериги бўлган баҳмаллик фуқаро ҳам қўлга олинди. Ушбу дори воситалари Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган.

дхх, наркотик моддалар

Фарғона вилоятида кузатилган ҳолатда эса Фарғона туманда яшовчи муқаддам судланган шахс Қирғиз Республикасидан келтирилган 2799 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 65 млн сўмга сотган вақтида ушланди.

дхх, наркотик моддалар

Фарғона вилоятида кузатилган яна бир ҳолатда 24 ёшли муқаддам судланган шахс «ўзбек-қирғиз» давлат чегарасида белгиланган тартибни қўпол равишда бузиб, Қирғизистондан 5600 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб ўтган вақтида Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Хоразм вилоятида «Тошкент-Хоразм» йўналишида ҳаракатланаётган юк машинаси Ҳазорасп туманида тўхтатилиб, текширилди. Унинг юкхонасидаги маиший кондиционер ичига яшириб қўйилган 1 кг 814 гр «опий» моддаси тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди. Маълум бўлишича, наркотик модда 33 ёшли ҳазорасплик фуқарога тегишли бўлган. У ҳам кондиционерни қабул қилиб олган вақтида ушланди. Шунингдек, унинг яшаш хонадонидан ҳам 158 гр «опий» ва 1 кг 988 гр «гашиш» моддалари олинди.

дхх, наркотик моддалар

Бундан ташқари, мазкур шахсни гиёҳвандлик воситалари билан таъминлаб келган, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 35 ва 33 ёшли 2 фуқаро ҳам ушланиб, улардан бирининг яшаш хонадонидан 424 гр «опий» моддаси олинди. Ушбу ҳолатда наркотик моддалар Тожикистон Республикасидан олиб келинганлиги аниқланди.

Тезкор тадбир давомида Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида Андижон шаҳрига кетаётган Nexia машинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада унда йўловчи сифатида кетаётган 2 нафар фуқарога тегишли бўлган ва Қирғиз Республикасидан келтирилган 4 кг 861 гр «Прегабалин» номли кучли таъсир қилувчи модда борлиги маълум бўлди. Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу кучли таъсир қилувчи моддаларни қабул қилиб олган андижонлик 23 ёшли шахс ушланди.

дхх, наркотик моддалар

Шунингдек, унинг танишлари бўлган Шаҳрихон туманида истиқомат қилувчи, 37 ва 32 ёшли 2 нафар аёл ҳам процессуал тартибда ушланиб, улардан 1 кг 987 гр «Прегабалин» моддаси ҳамда 1342 дона «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинди. Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.