Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайлови 2024 йил 27 октябрда ўтказилади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси хабар қилди.

Комиссия сайлов компанияси 2024 йил 26 июлидан бошланишини маълум қилди, шунингдек, календар режа тасдиқланди.

Сайловлар биринчи марта мажоритар-пропорционал (аралаш) тизим асосида ўтказилади. Бу тизимда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига бўлинади. Парламент қуйи палатаси депутатларининг 75 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича мажоритар тизим (номзод учун овоз бериш), қолган 75 нафари пропорционал тизим бўйича, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар асосида (партия рўйхати асосида) сайланади.

Сиёсий партияларнинг ролини ошириш учун аралаш сайлов тизимига ўтиш таклифи март ойида Ўзбекистон президенти томонидан депутатлар билан учрашувда илгари сурилган эди. Конституциянинг янги таҳрири бўйича референдумдан сўнг Шавкат Мирзиёев 8 май куни мажоритар-пропорционал сайлов тизимини жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Бунгача Ўзбекистонда парламент сайловлари мажоритар тизим бўйича ўтказилиб, унда ўз сайлов округида кўпчилик овоз олган номзодлар сайланган деб ҳисобланарди.

Сиёсатшунос Фарход Толипов аввалроқ янги тизим қандай ишлашини тушунтирган эди. Шунингдек, у сиёсий турғунлик шароитида янги сайлов тизимига ўтиш кутилган натижани бермаслигини таъкидлади.