Францияда пойтахти Париждаги Олимпиада ўйинларининг очилиш кунида бир гуруҳ шахслар шаҳар саботаж уюштирди, бунинг оқибатида TGV тезюрар поездларининг бир нечта линиялари носоз ҳолатга келди, деб хабар бермоқда Reuters.

Франция темирйўллари миллий ҳамжамияти (SNCF) режалаштирилган вандализм ҳаракатларига дуч келганини айтди. Вандаллар Парижни мамлакат шимоли, ғарби ва шарқидаги шаҳарлар билан боғлайдиган асосий йўналишлар бўйлаб сигнал кабинетларига ўт қўйган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жанубий Париж-Марсель йўналишидаги ҳужумнинг олдини олишга муваффақ бўлди.

SNCF бош директори Жан-Пьер Фаранднинг сўзларига кўра, техник муаммолар 800 мингга яқин одамга таъсир қилган.

Франция бош вазири Габриэль Атталнинг айтишича, саботаж яхши тайёрланган ва тизимли ишланган, зарар кўлами эса «йирик ва жиддий». У хавфсизлик хизматлари аллақачон айбдорларни қидираётганига ишонтирди.

Қайта тиклаш ишлари камида душанбагача давом этади. SNCF кўп сонли рейсларни бекор қилди ва йўловчиларни саёҳатни кечиктиришга чақирди, дея таъкидлади Le Monde. Париж ва Лондон ўртасидаги Eurostar халқаро рейслари ҳам бекор қилинди.

Париждаги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими 26 июль куни маҳаллий вақт билан соат 19:30 да бошланади. Миллий терма жамоалар қайиқларда Сена дарёси бўйлаб сузиб ўтади. 300 минггача томошабин қирғоқ бўйлаб жойлашиши кутилмоқда.

Reuters хабарига кўра, Франция пойтахтида хавфсизликни 45 мингдан ортиқ полициячи ва 10 мингга яқин ҳарбий хизматчи, шунингдек, 2 минг хусусий қўриқчи назорат қилади.