Президент ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини такомиллаштиришга доир фармонни имзолади, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Фармонга кўра, 2024 йил 1 сентябрдан овчилик хўжалигини ташкил этишнинг янгича тартиби ўрнатилади. Унга кўра, ов қилиш фақат овчилик хўжаликлари ҳудудида амалга оширилади ва овчилик хўжаликлари ҳудудидан ташқарида ов қилишни амалга ошириш тақиқланади.

Шунингдек, овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун ер юридик ва жисмоний шахсларга электрон онлайн-аукцион орқали 49 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида ажратилади. Жараён қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:

  • 1-босқичда — 10 йил муддатга;

инвестиция ва шартномавий мажбуриятларни бажариш натижаларига кўра:

  • 2-босқичда — 10 йил муддатга;
  • 3-босқичда — 29 йил муддатга.

Бунда 2 йил муддат ичида ёввойи ҳайвонларни етиштириш ва такрор кўпайтириш бўйича питомниклар инфратузилмаси ёки такрор кўпайтириш участкаси ташкил қилинмаса, ижара шартномаси бекор қилинади.

Электрон онлайн аукцион ғолиби бўлган юридик ва жисмоний шахсларга овчилик хўжаликларига (овчилик базалари ва питомникларга) туташ ҳудуддаги ов қилиш жойлари овчилик хўжалигини юритиш учун бириктириб берилади.

Фармон билан, Экология вазирлигига қуйидаги ваколатлар берилди:

  • овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартноманинг намунавий шаклини тасдиқлаш;
  • овчилик хўжалигини юритишда техник-иқтисодий асоснома материалларининг форматини тасдиқлаш;
  • юридик ва жисмоний шахслар билан овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш тўғрисида шартнома тузиш.

2024 йил 1 октябрдан овчиларга овчилик йўлланмаси ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталар асосида электрон дастур орқали берилади.

Шу муддатдан бошлаб овчилик гувоҳномасини беришда янги тартиб бўлади. Хусусан, овчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларни махсус ўқув курсларида ўқитиш жорий этилади. Овчилик гувоҳномаси муомалага лаёқатли, 18 ёшга тўлган, ўқув курсларини тугатган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган жисмоний шахсларга ЯИДХП орқали 2 йил муддатга берилади.

Шу билан бирга, 1 сентябрдан ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш жойларини, кичик сафари парклар ва ов туризмини ташкил қилган овчилик хўжаликлари 3 йил муддат мобайнида мол-мулк ва ер солиғини 50 фоизга камайтирилган солиқ ставкалари бўйича, шунингдек, айланмадан олинадиган солиқни 1 фоиз миқдорида тўлайди.