Ижтимоий тармоқларда 28 июль куни Тошкент шаҳридаги «Анҳор-Локомотив» боғида осмондан ленталар ёғдирилиши айтилган видео тарқалди. Ҳолат Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари томонидан ўрганилди, дея хабар берди Экология вазирлиги матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, паркдаги амфитеатрда лента шоу уюштирилиши, бунда аниматорлар томонидан ленталар айлантирилиб, томоша кўрсатилиши режалаштирилган. Видеода ваъда қилинган «осмондан ленталар ёғилиши» эса эътиборни жалб қилиш учун айтилган.

«Байрам ташкилотчиларига бу каби шоулар атроф-муҳитнинг ифлосланишига сабаб бўлиши, экология учун зарарли экани тушунтирилди. Натижада режалаштирилган лента шоу бекор қилинди», — дейилади хабарда.

Экология вазирлиги хиёбонлар, дам олиш масканлари, кўнгилочар объектлар мутасаддиларини юқоридаги каби атроф-муҳитга зарар келтирадиган шоулар ўтказмасликка чақириб, экологияга етказилган ҳар қандай зарар учун қонунда қатъий жазо белгиланганини эслатиб ўтди.