25 июль куни Фарғона вилояти Фарғона туманидаги Шоҳимардон маҳалласи ҳудудида сел оқимлари кузатилди, дея хабар бермоқда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси.

Қайд этилишича, соат тахминан 15:30 атрофида жала ёмғири ва дўл ёққан. Оқибатда «Қурқул» ва «Букан» сел йўлидан аҳоли ва ҳудудларга зарар етказмаган холда 1,5−2 м3/с сел оқими оқиб тушган.

«Тош» сел йўлида эса 4−5 м3/с сел оқимлари вужудга келиб, қишлоқ врачлик пункти биносини ертўласи ва ҳовлиси ҳамда 2 та аҳоли ҳовли жойларига (Ўзгидромет хабарига кўра, 4 та) қум-шағал кирган. Йўл четида турган 2 та автомобилнинг атроф қисми қисман қум-шағал билан қопланган.

«Энг асосийси, сел оқимлари оқибатида фуқаролар ўртасида жабрланганлар йўқ», — дейилади хабарда.

Ҳозирда махсус техникалар ёрдамида сел оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.