Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг тендер савдоларида «Рақобат тўғрисида»ги қонунининг бузилгани аниқланди, дея маълум қилди Рақобат қўмитаси.

Қайд этилишича, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан 2024 йил 10 июнда бошланғич қиймати 26 млрд 500 млн сўмга яқин ўтказилган тендер савдолари юзасидан мурожаат келиб тушган.

Қўмита томонидан мурожаатга асосан олиб борилган ўрганишларда тендер савдолари йўл белгилари учун бўёқлар ва шиша маҳсулотларни харид қилиш учун ўтказилгани маълум бўлган.

Ишни кўриб чиқиш натижасида, «Рақобат тўғрисида»ги қонунининг 29-моддаси талаблари бузилган деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига нисбатан тендер савдо натижасини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича кўрсатма берилган.

Шунингдек, ушбу қонун бузилиши ҳолатига йўл қўйган мансабдор шахсга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликни белгилаш масаласи кўриб чиқилиши қайд этилган.

Рақобат қўмитаси махсус комиссиянинг ушбу қароридан норози бўлган томон қўмитанинг Апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканини эслатиб ўтди.