Июнь ойи охирида Тошкентнинг қадимий маҳаллаларидан бири — «Ҳастимом»да жойлашган Зарқайнар кўчасида, шунингдек, унга ёндош берк кўчаларда ҳаводаги коммуникация тармоқларини ер остига ўтказиш бўйича ишлар бошланди. «Газета.uz» мухбирлари Зарқайнарда бўлиб, у ердан фоторепортаж тайёрлади.

Фото: Мурод Юсуф / «Газета.uz»Фото: Мурод Юсуф / «Газета.uz»

"Қулайлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида"

Олмазор тумани уй-жой коммунал хизмати бўлими бошлиғи Саидолим Саидназаровнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, 2024/2025 йилги куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, Эски шаҳарда яшовчи аҳолининг ижтимоий турмуш даражасини яхшилаш ҳамда ҳудудни ободонлаштириш мақсадида «ер устидан ўтказилган ва замон кўркини тўсиб турган коммуникациялар, меъёрий норма ва стандартлар асосида, ер остидан ўтказилмоқда».

«Кабеллар ҳаводан ўтказилган. Шамол бўлганида узилиши, қор-ёмғирли кунларда устига шох-шабба тушиб, носозликлар кузатилиши мумкин. Айнан шу ерда ҳам шундай бўлганми-йўқми, буни аниқ айтолмайман, аммо 2023 йилги аномал совуқ вақти бошқа кўп жойларда шундай ҳолатлар бўлганди. Шу боис электр, газ ва бошқа коммуникациялар ер остидан ўтказиляпти», — деди Саидназаров.

Туман ҳокимлиги вакилининг қўшимча қилишича, бу ерда хавфсизлик масаласи ҳам бор.

«Ер устидан ўтказилган симларга ноқонуний уланишлар эҳтимоли бор. Бундай ҳаракатлар нафақат ноқонуний, балки аҳолининг ўзи учун хавфли ҳам. Биз бундай уланишларни автоматик аниқлолмаймиз, кимдир хабар берсагина, келиб, текшириб, аниқлашимиз мумкин. Шундай экан, кабель ва қувурлар ер остидан ўтиши билан бундай ноқонуний уланишлар эҳтимоли камаяди, ўз-ўзидан хавфсизлик даражаси ошади», — дейди у.

Ҳозир Зарқайнарда 70 га яқин ишчи ва мутахассис ишлаяпти, иш икки (кундузги ва тунги) сменада ташкил этилган. Коммуникацияларни кўчириш жараёнида аҳоли олдиндан электр ва газ ўчирилишидан огоҳлантирилмоқда. Ишлар августгача якунланиши режалаштирилган.

Аҳоли бирдек мамнун эмас

Зарқайнар 2-берк кўчасида истиқомат қилувчи Маъруф Шарипов қурилиш-таъмирлаш ишлари бутун ҳудудни «ваъда қилинганидек» қамраб олмаётганидан норози. Дарҳақиқат, «Газета.uz» мухбирлари маҳаллада бўлган кунда 2-берк кўчанинг бир қисмида, 6-берк кўчанинг эса Зарқайнар кўчасидан кўринадиган бошланиш қисмидагина коммуникацияларни тартибга келтириш ишлари олиб борилаётган эди.

2-берк кўчада истиқомат қилувчи Маъруф ака Шарипов эса бундан норози экани, бу масалада штаб вакилларига, маҳалла раисига кўп бора мурожаат қилгани, аммо на амалий иш кўраётгани, на аниқ жавоб ололмаётганини билдирди.

«[Олмазор тумани] ҳокими [Азизхон Умархонов] келиб, маҳаллада мажлис қилди. „Бу уйлар энди бузилмайди, сизларга қулай бўлиши учун коммуникацияларни, электр, газ, сувни ер остидан ўтказиб, ҳар бир хонадонгача олиб кириб берамиз“, дейишди. Аммо иш ҳамма жойда бўлаётгани йўқ», — деди Маъруф ака.

Унинг таъкидлашича, 2-берк кўчадаги тўрт уйнинг коммуникациялари тартибга келтирилган, аммо кўчадаги қолган 8 та уйга қаралмаган.

«Аввалига „сизлар тарафга ҳам ўтамиз“, дейишди. Кутдик, яна сўрасак, шу ишларга ҳокимликдан жалб қилинган одам шеригига: „Фақат кўринадиган қисмини қил, деб айтгандингиз-ку!“, деганини эшитиб қолдим. Бизга симларни девор ортидан ўтказиб беришаркан. Болохона ёғочдан — ёниб кетса нима бўлади? Бунисини ўйлашмаяпти», — дейди у.

Фуқаронинг қайд этишича, бу каби ободонлаштириш-тартибга солиш ишлари авваллари ҳам кўчаларнинг кўзга кўринарли қисмларидагина амалга оширилган.

«Мана бу — ичкаридаги асфальтни кўряпсизми? Охирги марта 40 йил аввал ётқизилган. Ҳар замонда қўшнилар билан пул йиғиб, ўйилиб кетган жойларини ямаб турганмиз. Кўчанинг кўринадиган қисмлари асфальтини эса кўп янгилашган. Яқинда ҳам бошқатдан ётқизишганди — мана яна қайтадан қилишади. Нима, қолганлар ўгайми?», — дейди у.

берк кўча, зарқайнар кўчаси, олмазор туман ҳокимлиги, эски шаҳар, ҳастимом-маҳалла

Олмазор тумани ҳокимлиги вакили «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда «сим ва қувурларни ер остидан стандарт асосида ўтказиш имкони йўқ жойларда улар ер остидан ўтказилмаслиги»ни, лекин барча кўчаларнинг асфальти янгилаб берилишини таъкидлади.

«Газета.uz» Зарқайнардаги қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳақида батафсил ахборот беришни сўраб Олмазор тумани ҳокимлиги матбуот хизматига мурожаат қилган.