Ўзбекистон ОТМларига 2024 йилги кириш имтиҳонларида абитуриентларнинг 46,9 фоизи ўтиш баллининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 баллни тўплай олмади. Бу ҳақда ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълумотларига таяниб маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 2024 йилда 737 минг 351 нафар абитуриент тестга кирган. Бу ўтган йилгига (888 минг 472 нафар) қараганда 151 мингга кам. Тестга кирган абитуриентларнинг 345 минг 869 нафари (46,9 фоиз) 56,7 баллни ҳам тўплай олмаган. 56,7 дан кўпроқ балл тўплаган абитуриентлар сони 391 минг 482 нафарни (53,1 фоиз) ташкил қилади.

«Ўтган йилги ҳолат билан солиштирганда аҳволимиз нисбатан яхшиланибди. Умуман олганда йилдан йилга яхши томонга ўзгариш бор. Ўтган йили 49,4 фоиз, аниқроғи 439 минг абитуриент 56,7 балл ҳам тўплай олмаганди, жорий йилда бу кўрсаткич 2,5 фоизга яхшиланди», — дейди ҳуқуқшунос.

Фото: Xushnudbek.uz / Telegram.Фото: Xushnudbek.uz / Telegram.

2024 йилда энг ёмон кўрсаткич Сирдарё вилоятида (51,8 фоиз), нисбатан яхшироқ натижа эса доимгидек Тошкент шаҳрида (35,9 фоиз) қайд этилган.

Ўтган йили 8 та ҳудудда абитуриентларнинг 50 фоиздан кўпроғи 56,7 баллдан паст балл олган эди. Жорий йилда бундай ҳудудларнинг сони 4 тага тушди. Жиззах, Навоий, Қашқадарё ва Тошкент вилояти ўз натижасини яхшилаб, 50 фоиздан пастки чизиққа ўта олган.

Ўтган йилга қараганда натижасини энг кўп яхшилаган 5 та ҳудуд:

  • Тошкент шаҳри — 4,9 фоиз;
  • Тошкент вилояти — 4,9 фоиз;
  • Жиззах — 3.7 фоиз;
  • Бухоро — 3,5 фоиз;
  • Сирдарё — 3,1 фоиз.

Ўтган йилгига қараганда натижаси ёмонлашган биронта ҳудуд йўқ.

«56,7 балл — бу тўплаш мумкин бўлган энг юқори 189 балнинг 30 фоизи дегани. Яъни абитуриент ҳеч бўлмаса 30 фоиз билимга эга бўлса, ушбу кўрсаткични тўплай олади. 30 фоиз билим эса рейтинг тизимидан қиёс олсак, ҳатто 2 баҳо ҳам эмас! 1 баҳо десак тўғри бўлар балки», — дея хулоса қилган ҳуқуқшунос.