26 июль куни Тошкент шаҳар маъмурий ишлар бўйича туманлараро судида Дўстлик (собиқ Бобур) боғи иши бўйича еттинчи, сўнгги суд мажлиси бўлиб ўтди. Судья Азизбек Базаров раислигида Яккасарой тумани аҳолисининг Ўзбекистон ҳукумати қарори ва шаҳар ҳокимининг истироҳат боғини 49 йил муддатга BMP Smart Decision Management бошқарувига ўтказиш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъвоси кўриб чиқилди.

«Газета.uz» дастлабки тўртта учрашувни ёритганди. Бешинчи ва олтинчи йиғилишлар ҳисоботи ҳамда якуний йиғилиш тафсилотларини яқин кунларда эълон қилинади.

Еттинчи йиғилишда аҳоли адвокати Сабина Сидакова ҳукумат ва ҳоким қарорлари қабул қилинаётганда бузилган бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни яна бир бор санаб ўтди. Шунингдек, у юқоридаги ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб қабул қилиш сабабларини кўрсатди.

BMP Smart Decision Management адвокати Екатерина Денисова суддан аҳолининг даъвосини рад этишни сўради. Ҳимоячи Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва ҳокимлик қарори тўлиқ давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунга мувофиқ қабул қилинганини таъкидлади.

Ариза берувчиларнинг ҳар бири ҳал қилув қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги аризани қўллаб-қувватлади ва суддан даъвони қаноатлантиришни сўради. Бундан ташқари, мурожаатчилар боғда аттракционларсиз, тинч ва осойишта бўлишини сўрашган.

Жараён барча иштирокчиларининг фикрларини тинглаб, суд якуний қарор қабул қилиш учун маслаҳатлашувга чиқди.

Натижада суд фуқароларнинг аризасини қаноатлантиришдан бош тортди. Суд қарорни Вазирлар Маҳкамаси қарори ва ҳокимлик қарори тегишли қонунлар асосида қабул қилингани билан асослади.

Судья қарорни ўқиб эшиттирар экан, инвестор лойиҳасида дарахтлар, маданий мерос объектлари ва учта халқаро ҳамкорлик объекти — Сеул боғи, Сиэтл боғи ва Тинчлик қўнғироғини асраб-авайлашнинг барча муҳим жиҳатлари ҳисобга олинганини таъкидлади.

Унинг қўшимча қилишича, агар реконструкция ишлаб чиқилган лойиҳага мувофиқ амалга оширилмаса, аҳоли иккинчи шикоят билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, суд томонидан аризачи Аида Мухторовадан давлат бюджети фойдасига 476 минг сўм давлат божи ундирилиши белгиланди.

Аҳоли биринчи инстанция судининг қарори устидан шикоят қилиш ниятида.