Тошкент вилояти Янгийўл туманида ёниб кетган уй ичидан 5 кишининг жасади, тан жароҳатлари билан топилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Маълумотга кўра, 26 июль соат 06:19 ларда Янгийўл туман Нурафшон кўчасида жойлашган хонадонда ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган. Хабарга асосан Янгийўл тумани ФВБ Ёнғин қутқарув қисми ўт ўчирувчилари томонидан воқеа жойига чиқилиб, келиб чиққан ёнғин бартараф этилган.

Хонадонни кўздан кечириш давомида 5 нафар (1991 йилда туғилган эркак, 1999 йилда туғилган аёл, 2021 ва 2022 йилда туғилган бола ва 2018 йилда туғилган қиз) шахснинг мурдалари турли тан жароҳатлари билан топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Янгийўл туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда прокуратура ва ички ишлар органларининг малакали ходимларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи томонидан жиноятни фош этиш чоралари кўрилмоқда, дейилади хабарда.