27 июль санасидан бошлаб Франция пойтахти Парижда ёзги Олимпия ўйинларига расман старт берилди. Шанба куни Ўзбекистон терма жамоаси 4 та спорт тури бўйича баҳсларга киришади. «Газета.uz» кун тақвими ҳақида маълумот беради.
Хусусан, шанба куни Тошкент вақти билан 13:00 да ўзбекистонликлар эркаклар ва аёллар ўртасида дзюдо баҳсларига киришади. Кечга яқин велоспорт, шунингдек, аёллар ўртасида бокс мусобақаси бўлиб ўтади. Энг аҳамиятлиси, 20:00 да футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Мисрга қарши учрашув ўтказади. Бу илк учрашувида Испанияга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган ўзбекистонлик футболчилар учун сўнгги умид бўлиши мумкин. Қуйида 27 июль куни иштирок этадиган спортчилар рўйхати:
Дзюдо
-60 кг: Достон Рузиев (Ўзбекистон) — Дилшод Халматов (Украина). 1/32 босқич. 13:00
-48 кг: Халимажон Қурбонова (Ўзбекистон) — Лейла Алиева (Озарбайжон). 1/32 босқич. 13:00
Велошоссе (индивидуал вақт учун)
Ольга Забелинская (Ўзбекистон). 17:30.
Бокс
-54 кг: Нигина Ўктамова (Ўзбекистон) — Ёмна Аяд (Миср). 1/32 босқич. 18:30
Футбол
C гуруҳи: Ўзбекистон — Миср. 20:00.