Ёз қанчалик иссиқ бўлса, офтоб ва иссиқ уриши эҳтимоли шунчалик юқори бўлади. Ҳар иккала ҳолат ҳам об-ҳаво билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг асосий сабаби ҳисобланади, дея қайд этади Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти. Иссиқ уриши сурункали касалликлар, шу жумладан, юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, руҳий саломатлик, астма билан боғлиқ ҳолатларни оғирлаштириши мумкин. Иссиқ уриши шошилинч тиббий аралашувни талаб қилади, чунки унинг ўлимга олиб келиш эҳтимоли юқори, дейилади ЖССТ сайтида.

Иқлим ўзгариши туфайли дунёнинг барча минтақаларида экстремал жазирама таъсирига учраган одамлар сони ортиб бормоқда. Ташкилот маълумотларига кўра, сўнгги 20 йил ичида 65 ёшдан ошган одамлар орасида жазирама билан боғлиқ ўлим ҳолатлари 85 фоизга ошган. 2000 йилдан бери ҳар йили деярли 490 минг киши жазирамадан вафот этмоқда.

Ўтган йилнинг ёзи бутун кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ёз бўлди. Ўзбекистонда ҳар йили ёз мавсумида энг юқори ҳарорат кўрсаткичи 40−45 даражага етади, экстремал об-ҳаво шароитида эса 50 даражага яқинлашиши мумкин. Ўзгидромет маълумотларига кўра, сўнгги ўн йилликда (2014 йилдан 2023 йилгача) ўнта июль ойидан еттитаси бутун кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ўнталикдан жой олган. Бу йил ҳам ёз жуда иссиқ келди. Ўтган июнь ойи учун ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан 1−2,5 даражага юқори бўлди. Сўнгги кунларда эса мамлакатда жуда иссиқ об-ҳаво ҳукм сурмоқда.

Манба: ЎзгидрометМанба: Ўзгидромет

Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам бўлими бошлиғи Илҳом Аслоновнинг маълум қилишича, пойтахтда ҳар куни офтоб ёки иссиқ уриши ҳолатлари билан боғлиқ бир-икки чақирув келиб тушади. 15 июлдан 25 июлгача бўлган даврда Тошкентда еттита офтоб уриши ҳолати қайд этилди. Учта ҳолатда ўсмирлар, иккита ҳолатда нафақахўрлар офтоб уришидан азият чеккан. Илҳом Аслоновнинг сўзларига кўра, беморлар кўпинча аҳволининг ёмонлашувига нима сабаб бўлганини тўғри аниқлай олмайди.

«Газета.uz» Тошкент педиатрия тиббиёт институти («СамПИ») қошидаги кафедра ассистенти ва умумий амалиёт шифокори Жавоҳир Холмуҳамедов билан офтоб ва иссиқ уриши ўртасидаги фарқ, бу икки ҳолатнинг сабаб ва оқибатлари, симптомлари, биринчи ёрдам кўрсатиш ва иссиқ ҳавода ушбу ҳолатларнинг олдини олиш ҳақида суҳбатлашди.

жавоҳир холмуҳамедов, иссиқ, иссиқ уриши, офтоб уриши, саломатлик

Жавоҳир Холмуҳамедов.

Офтоб ва иссиқ уриши ўзи нима ва уларнинг фарқи нимада?

Офтоб уриши — бу тўғридан-тўғри қуёш нурларининг бош ва бўйиннинг юқори қисмига узоқ вақт таъсири натижасида юзага келган организмнинг қизиб кетиш ҳолатидир. Улар очиқ терига тушиб, томирларнинг кенгайиши, бу соҳага қон оқимининг ортиши ва унинг қизиб кетишига олиб келади. Айни пайтда организмдаги барча ҳаётий муҳим жараёнларни назорат қилувчи марказий нерв системасининг иш фаолияти бузилади.

Офтоб уриши ҳолати узоқ вақт тўғридан-тўғри қуёш нурлари остида бош кийимсиз юриш натижасида юзага келиши мумкин. Бунда критик вақт ҳар бир киши учун қатъий индивидуал ҳисобланади. Риск гуруҳи болалар, кексалар ва тизимли касалликларга чалинган кишиларни ўз ичига олади. Бу организмнинг етилмаган ёки бузилган терморегуляция механизмлари билан боғлиқ.

жавоҳир холмуҳамедов, иссиқ, иссиқ уриши, офтоб уриши, саломатлик

Жавоҳир Холмуҳамедовнинг сўзларига кўра, жабрланувчига ўз вақтида биринчи ёрдам кўрсатилмаса, у ҳушини йўқотади, томир уриши тезлашади, ҳансираш юзага келади, юрак фаолияти ишдан чиқади. Офтоб уриши оғир ҳолатларда комага олиб келиши мумкин.

Иссиқ уриши — организмнинг атроф-муҳитнинг юқори ҳарорати таъсири натижасида вужудга келадиган оғир қизиб кетиш ҳолати. Иссиқ уриши организм самарали иссиқлик ажратолмаганда ва ҳолдан тойганда содир бўлади. Бу юрак уришининг тезлашишига ва тана ички ҳароратининг кўтарилиши — гипертермияга олиб келади.

Терини етарли даражада ҳимоя қилмаган ҳолда ва «ҳаво ўтказмайдиган» кийимда узоқ вақт иссиққа тоқат қиладиган ёки кўчада ишлайдиган ва машқ қиладиган одамлар иссиқ уришидан азият чекишлари мумкин. Риск гуруҳига ҳомиладор аёллар, инсульт ва инфарктни бошдан кечирганлар, шунингдек, астма, сурункали обструктив ўпка касаллиги, сурункали юрак етишмовчилиги ва юрак ишемик касаллиги каби сурункали касалликлар билан касалланган кишилар киради.

Уч хил даражадаги иссиқ уриши ҳолати фарқланади. Ҳолатнинг даражасига қараб, бемор умумий ҳолсизлик, бош оғриғи ва ҳароратнинг алаҳлаш даражасида кўтарилиши, галлюцинация ва ҳушдан кетиш кабиларни бошдан кечириши мумкин. Зарур тиббий ёрдам кўрсатилмаган тақдирда, кутилмаган ўлим юз бериши мумкин.

жавоҳир холмуҳамедов, иссиқ, иссиқ уриши, офтоб уриши, саломатлик

Офтоб ва иссиқ уриши ўртасидаги фарқ. Офтоб уриши қуёш нурларининг бош ва бўйинга тўғридан-тўғри таъсиридан келиб чиқади, бу эса бош миянинг қизиб кетишига олиб келади. Иссиқ уриши атроф-муҳитнинг юқори ҳарорати ва/ёки юқори намлик туфайли организмнинг умумий қизиб кетиши билан боғлиқ. У қуёшда ҳам, булутли об-ҳавода ҳам, шунингдек ёпиқ хоналар, ҳаммомлар, сауналар, транспорт ва бошқа жойларда юзага келиши мумкин.

«Инсон бир вақтнинг ўзида ҳам атроф-муҳитнинг юқори ҳарорати, ҳам тўғридан-тўғри қуёш нурлари таъсирига тушиши мумкин, бу эса иссиқ ва офтоб уриши симптомларининг комбинациясига олиб келади. Масалан, иссиқ ҳавода, айниқса, жисмоний фаолликда узоқ вақт қуёш остида юрганда, ушбу ҳолатларнинг бир вақтнинг ўзида юзага келиш хавфи сезиларли даражада ошади», — деб тушунтиради Жавоҳир Холмуҳамедов.

Симптомлар

Офтоб ва иссиқ уришининг белгилари бир-бирига ўхшаш. Жабрланувчида қуйидаги белгилар кузатилиши мумкин:

  • тана ҳароратининг 40 даражадан юқори кўтарилиши;
  • кучли ва пулсацияланувчи бош оғриғи;
  • кучли ҳолсизлик, чарчоқ ва умумий дармонсизлик ҳисси;
  • бош айланиши ва ҳушдан кетиш;
  • қизарган, иссиқ ва қуруқ тери;
  • юрак уришининг тезлашиши;
  • кўнгил айниши ва қусиш;
  • онгнинг чалкашиши, чалғиш, нутқ билан боғлиқ муаммолар;
  • тутқаноқ;
  • нафас олишнинг қийинлашиши.

Илҳом Аслоновнинг сўзларига кўра, одамда офтоб уриши белгилари дарҳол намоён бўлмаслиги мумкин. Улар қуёш нурлари таъсирининг давомийлиги ва интенсивлигига қараб аста-секин юзага чиқади. Аввалига бемор бош оғриғи ва ҳолсизлик ҳис қилиши мумкин, кейин ҳарорати кўтарилади, қусиш ва диарея бошланади. Аксарият чақирувлар бир неча соат ўтгач ёки офтоб урган куннинг эртасига, симптомлар (юқори ҳарорат, қусиш, диарея ва бошқалар) кучайиб улгурганидан кейин келиб тушади. Жабрланганлар кўпинча офтоб урганини билмайди. Беморнинг ҳарорати тушмаганлиги сабаб «тез ёрдам» чақирилади.

жавоҳир холмуҳамедов, иссиқ, иссиқ уриши, офтоб уриши, саломатлик

Илҳом Аслоновнинг таъкидлашича, болаларда иссиқ уриши симптоматикаси ўзига хос хусусиятларга эга ва катталарда кузатиладиган ҳолатдан фарқ қилади. Болада бурундан қон кетиши кузатилиши мумкин. У тез-тез эснаши, жаҳлдор ва йиғлоқи бўлиб қолиши мумкин. Симптомлар иссиқ уришининг оғирлик даражасига мутаносиб равишда ривожланиб боради ва зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қилади. Акс ҳолда кичик организмга ўлим хавф солиши мумкин.

Биринчи ёрдам

«Бирор кишининг аҳволи оғирлашиб, ҳушидан кетганига гувоҳ бўлсангиз, зудлик билан „тез ёрдам“ чақиринг, — дейди Жавоҳир Холмуҳамедов. — Одатда, ўткинчи одамга, айниқса, бемор бола ёки кекса бўлган тақдирда, йўналишни ва жабрланувчининг аҳволи оғирлик даражасини тўғри аниқлаш қийин. Бригада етиб келгунча биринчи тиббий ёрдам кўрсатишнинг бирламчи чора-тадбирларига риоя қилинг (улар ҳақида қуйида ўқийсиз). Кўрикдан сўнг шифокор беморнинг аҳволини баҳолаб, тегишли муолажа тайинлайди».

Офтоб ва иссиқ уришида бир хил биринчи ёрдам кўрсатилади:

1. Жабрланувчини соя, салқин ва яхши шамоллатиладиган жойга ёки кондиционерли хонага жойлаштириш ва бошини кўтарган ҳолда ётқизиш.

2. Ёқа тугмаларини ечиб, тор ва оғир кийимларни ечиб ташлаш ва тоза ҳаво киришини таъминлаш.

3. Совуқ сув ичириш, бошга нам компресс қўйиш ва тананинг очиқ жойлари: билаклар, бўйиннинг орқа қисми, чакка, пешона, шунингдек, тирсак ва тизза букилмаларини намлаш.

Компресс ва сув муздек бўлмаслиги лозим, акс ҳолда бу томирларнинг қисилишига олиб келади, бу эса беморнинг аҳволини оғирлаштиради.

Организмнинг қизиш даражасига қараб, тикланиш бир неча соатдан бир неча кунгача вақт олиши мумкин. Прогноз кўпинча ижобий бўлади. Муолажа ва ётоқ режимида киши 1−2 кундан кейин оёққа туради. Бироқ офтоб ва иссиқ уриши профилактикасига риоя қилган ҳолда бу ҳолатларнинг олдини олиш осонроқ.

Эҳтиёт чоралари

Жавоҳир Холмуҳамедов қуёш ва иссиқнинг нохуш таъсиридан қочиш учун қуйидаги эҳтиёт чораларига риоя қилишни тавсия қилади:

  • Бош кийим кийиш: панама, кепка ёки дурра. Улар бошни тўғридан-тўғри қуёш нурларидан ҳимоя қилади.
  • Кўпроқ суюқлик ичиш: сувсизланишнинг олдини олиш учун ҳар соатда 100 мл тоза сув ичиш.
  • Қуёш остида узоқ вақт қолиб кетганда, танаффуслар қилиш: мунтазам равишда сояда дам олиш.
  • Қаҳва, спиртли ичимликлар ва ёғли овқатлардан воз кечиш. Улар сувсизланишга олиб келади ва аҳволни ёмонлаштириши мумкин.
  • Иссиқ ҳавода жисмоний зўриқишлардан сақланиш. Спорт билан шуғулланиш ва кардиотренировка қилишдан тийилган маъқул.
  • Терини совитиш: юз, қўл панжалари ва оёқ панжаларига мунтазам равишда салқин сув пуркаб туриш ёки нам салфеткалар билан артиш.
  • Терини ҳимоя қилиш: қуёшдан ҳимояловчи кремдан фойдаланиш ва ёрқин рангли кийим кийиш.

Жавоҳир Холмуҳамедов ёзнинг кун қизиган пайтида алоҳида сабабларсиз уйдан чиқмасликни маслаҳат беради. Шунингдек, соат 10:00 дан 18:00 гача кўчага чиқиш тавсия этилмайди. Ҳарорат меъёрдан ортиқ бўлмаган мавсумларда қуёш фаоллигининг энг юқори чўққиси соат 12:00 дан 16:00 гача бўлади.

Жавоҳир Холмуҳамедовнинг шахсий блоги: https://t.me/makeyourselfgreatagainagain