1899 йилнинг 21 июлида америкалик таниқли ёзувчи, адабиёт йўналишида Нобель мукофоти соҳиби Эрнест Ҳемингуэй таваллуд топган эди. У ўз асарларида, хусусан, «Алвидо, қурол» романида урушнинг бемисл мантиқсизликлари, инсон ҳақ-ҳуқуқлари, эркига тажовуз, айни пайтда, инсоний мардлик, қадр-қиммат ва муҳаббатнинг ҳар қандай ёвуз кучлардан устунлиги ёрқин ифодаланган. Шунингдек, инсоннинг руҳий ҳолатини тадқиқ этиш билан жамиятдаги вазиятни очиб беришга қодир асарлар ҳам ёзган.

Ҳэмингуэйнинг «Алвидо, қурол», «Чол ва денгиз», «Тўқчилик ва йўқчилик» асарлари ва бир қатор ҳикоялари ўзбек тилига ўгирилган.

Июль ойида ёзувчи таваллудига 125 йил тўлиши муносабати билан «Газета.uz» унинг «Чол ва денгиз» қиссасидан парчалар келтиради.

«Чол ва денгиз»дан парчалар

Итоаткорлик руҳи қачондан бошлаб ўз қалбида қўним топгани устида бош қотириб ўтирмоқлик учун чол бениҳоя соддадил эди. Аммо у ўзининг итоатгўй бўлиб қолганини ва бу итоатдан у ўз номуси, инсонлик қадр-қимматини йўқотмаганлигини билар эди.

***

Бир нарса икки марта ҳеч қачон қайтарилмайди.

***

— Мен учун қариликнинг ўзи қўнғироқ соат. Чоллар нега жуда барвақт туришаркин-а? Наҳотки буни қолган умрларидан бир кунини бўлса ҳам чўзиш ниятида қилишса?

— Билмадим. Фақат шуни биламанки, ёшлар қаттиқ ва кўп ухлашади.

— Бошимдан ўтган, биламан, — деди чол…

***

Кўпчилик одамлар тошбақаларга бераҳм муносабатда бўладилар. Ахир, бу жониворни ўлдириб, нимта-нимта қилганларидан кейин ҳам, унинг юраги анчагача уришдан тўхтамай туради-ку. «Аммо лекин, — деб ўйлади чол, — юрагим юрагидан фарқ қилмайди, қўл-оёқларим бўлса, унинг панжаларига жуда ҳам ўхшаб кетади».

***

Чол қачондан бошлаб ўз-ўзи билан овоз чиқариб сўзлашадиган бўлиб қолганини энди эслолмас эди. Авваллари танҳо қолганда у хиргойи қиларди. Катта елканли кемаларда сузиб, вахтада турган ё тошбақа овига борган кезлари гоҳо-гоҳо у кечалари ҳам қўшиқ айтарди.

Эҳтимол, бола ундан кетгандан кейин, ёлғиз ўзи қолгач, ўзи билан ўзи гаплаша бошлагандир. Ҳозир буни эслай олмайди. Аммо бола билан бирга ов қилган маҳалларида ҳам, бунга зарурат туғилган чоғдагина гаплашар эдилар.

Гаплашганда ҳам кўпинча кечалари ёки бузуқ об-ҳаво туфайли мажбуран бўш қолганларидагина гаплашар эдилар. Денгизда ҳуда-беҳудага гапиравермаслик одат тусига кирган. Нурли-нурсиз гапларни чолнинг ўзи ҳам ёқтирмас ва шу одатни ҳурмат қиларди. Мана энди бўлса, у, ўз ўйларини жуда кўп марта овоз чиқариб такрорлар, нафсиламрга бунинг бировга айил ботадиган ўрни ҳам қолмаган эди.

— Агар ўзим билан ўзим гаплашаётганимни битта-яримта эшитиб қолганда, у мени жинни-пиннига чиқариб қўярди, — деди чол. — Аммо мен эсдан оғмаган эканман, кимнинг бу билан қанчалик иши бор? Давлатмандларнинг хўп ҳам ошиғи олчида: қайиқларида радиолари бор, уларга ҳар турли воқеаларни сўзлаб беради, бейсбол янгиликларини эшиттириб туради.

«Ҳозир бейсбол ҳақида ўйлашнинг вақтимас, — деди чол ўзига. — Энди фақат бир нарса устида бош қотириш керак. Гап менинг нима учун туғилганим устида боради. Эҳтимол, қаердадир, мана бу тунец галалари билан ёнма-ён бўлиб, менинг улкан балиғим ҳам дайдиётгандир.

***

«Кексайганда киши ёлғиз ўзи кимсасиз қолмасин экан, — деб ўйларди у. — Аммо бу кўргиликдан қочиб қутулиб бўлармиди.

***

«Унинг пешонасига турли-туман тузоқлар, тўрлар ва инсон ҳийла-найрангларидан узоқроқда, зим-зиё океан тубида яшамоқлик ёзилган эди. Менга эса, ёлғиз бошим билан унинг кетидан тушиб, ҳали ҳеч ким келиб етмаган жойда топиш насиб бўлди. Ҳа, ҳеч зот келиб етмаган жойда. Энди бўлса ҳар икковимиз тушдан бери бир-биримизга боғланиб қолдик. Шундай. На унга ва на менга ҳеч ким ёрдам қўлини чўза олмайди».

«Эҳтимол, мен балиқчи бўлмаслигим керак эди, — деб ўйларди у. — Лекин худди шу касб учун туғилганман-ку ахир…»

***

— Мазанг қочяптими, балиқ? — деб сўради у. — Худойим кўриб турибди, менга ҳам осон эмас.

Ким билан бўлмасин, жуда ҳам гаплашгиси келди. Атрофга аланглаб қушни излади. Аммо ундан ном-нишон ҳам қолмаган эди.

***

— Сабр қил, қўл, — деди у. — Кўряпсанми сени деб, ўлар-тириларимга қарамай ҳаракат қиляпман.

«Катта балиқни ҳам меҳмон қилишим керак эди аслида, — деб ўйлади у. — Ахир, у менга йўлдош бўлиб қолди. Аммо мен уни ўлдиришим керак. Бунинг учун эса куч-қувват лозим бўлади».

***

Чол олис-олисларга боқиб, энди ўзининг нақадар ёлғиз эканлигини тушунди. Аммо бу тубсиз сим-сиёда синиб аксланган рангин қуёш нурлари, пастга кетган таранг чилвир ва денгиз сатҳининг ажабтовур тўлғоқларини кўриб турарди. Пассат бўлишидан хабар бериб булутлар тўдаланарди. Чол олдинга қараб, осмон бетида яққол кўзга ташланиб учган ёввойи ўрдаклар тўдасини кўрди; ана, тўда хираланиб ёйилди, кейин яна аввалгидан ҳам тиниқ бўлиб кўзга ташланди ва чол денгизда киши ҳеч қачон ёлғиз ўзигина қолмаслигини тушунди.

***

«Ўзи ҳам балиқмисан балиқ экан. Энди мен унинг ўзида қандай куч яширинганини билиб олишига йўл қўймайман, — деб ўйларди у. — Агар жуфтакни ростлаб қоладиган бўлса, мени нима кўйларга солиши мумкинлигини унга билдириш керак эмас. Унинг ўрнида мен бўлганимда, ё ўлиш, ё қолиш деб, то ўпка тушгунча олға силжиган бўлардим. Аммо, минг қатла шукрки, балиқлар ўзларини қирувчи одамлар сингари ақлли эмаслар; ваҳоланки, улар бизга қараганда ҳам эпчил, ҳам олийжаноброқдирлар».

***

«Қизиқ, нима сабабдан у кутилмаганда юқорига чиқиб қолди, — фикрлай бошлади чол. — Ё ўзини қандай эканлигини менга кўрсатгани чиқдими?! Ҳай, бу ҳам ёмон эмас, энди уни биламан. Аттанг, унга мен ўзимнинг қандай одам эканлигимни кўрсата олмайман. Айтайлик, бунда у менинг мана бу расвойи олам бўлган қўлимни кўрган бўларди. У мен ҳақимда аслида ўзим арзимасам ҳам яхшироқ фикрда бўлишини истайман. Ўшанда мен чиндан ҳам яхши бўламан. Мен балиқ бўлишни, унинг ихтиёрида нимаики бўлса, менда ҳам бўлишини, ёлғиз чидам ва калла билан чекланиб қолмасликни хоҳлардим».

***

— Менинг зувалам бошқача узилган деб болага айтмовдимми, ахир, — деди у. — Буни амалда исбот қилишнинг пайти келди. У аллақачон буни юз карра, минг карра амалда исбот қилган эди. Нима бўлибди энди? Яна қайтадан исбот қилиш керак бўлса, исбот қилаверади. Бунинг саноғи ҳар сафар янгидан бошланади: шу сабабдан ҳам у бирон нарсани қилаётганда, ҳеч қачон ўтиб кетган нарсаларни эслаб ўтирмас эди.

***

«…Кишини бениҳоя ҳайратга соладиган ажойиб қушлар ва ҳайвонлар олдида одам боласи — нима деган гап ўзи. Мен ҳозир шу тобда, ҳув ўша денгиз тубида сузаётган махлуқ бўлиб қолишни истар эдим».

***

— Балиқ ҳам менга ошна, — деди у. — Мен бундай балиқни ҳеч қачон кўрган эмасман, шундайлари бўлишини эшитмаганман ҳам. Аммо мен уни гумдон қилишим керак. Яхшиямки, юлдузларни ҳам гумдон қилишга зарурат йўқ!

«Тасаввур қилиб кўргин-а, одам узун кун Ойни бўғизлашга ҳаракат қилиб юрса! Ой бўлса, ундан қочиб кетади. Бу ҳам майлия, агар одамга ҳар куни Қуёшни овлашга тўғри келиб қолганда нима бўларди? Йўқ, нима десанг ҳам бизнинг толеимиз бор», деб ўйлади у.

Кейин у тотиниб олишга имкони бўлмаган катта балиққа ачиниб кетди. Аммо бу қайғуриш, унинг балиқни ўлдириш ҳақидаги қатъий қарорига ҳеч қандай монелик қилмас эди. Қанчадан-қанча одамларни тўйдиради у! Бироқ кишилар у билан қорин қаппайтиришга арзишармикин? Йўқ, албатта. Дунёда ҳеч ким уни оғзига олишга лойиқ эмас; ахир, унга бир қаранг, ўзини қандай тутяпти, қандай шарофат кўрсатяпти.

«Мен жуда кўп нарсаларни тушунмайман, — деб ўйлади у. — Аммо бизга Қуёш, Ой ва юлдузларни ўлдиришга тўғри келмаганлиги қандай яхши. Денгиздан бор-йўқ ризқи рўзимизни қоқиштириб олаётганимиз ва яна ўз биродарларимизни ўлдираётганимиз ҳам етиб ортади».

***

— Менга қарагин, балиқ! — деди чол унга. — Сен барибир ўласан. Шундай бўлгач, мени ҳам ўзингга қўшмозор қилишдан бир маъно борми?

«Бунақада икки қўлимни бурнимга тиқиб қолаверишим ҳам ҳеч гап эмас», — кўнглидан ўтказди у…

«…Мени хароб қиляпсан, балиқ, — ўйларди чол. — Бу, албатта, сенинг ишинг. Умрим бино бўлиб ҳали бирон мартаба сенчалик улкан, сенчалик сулув, осуда ва олижаноб махлуқни кўрмаганман. Майли, истасанг мени ўлдир. Ким-кимни ҳалок қилади — энди менга барибир».

«Яна миянг айнияпти, қария! Ўзинг биласан-ку, бошинг равшан бўлиши шарт. Эсингни йиғиб ол. Уқубатни инсонларча… ё бўлмаса, худди мана бу балиқчалик енгиб ўтишга ҳаракат қил», — деб хаёлан қўшиб қўйди у.

***

«Уни кўргим келяпти, — деб ўйлади у, — ўз қўлларим билан ушлагим, қандай балиқ эканлигини бир билиб қўйгим келяпти. Ахир у — менинг бойлигим. Лекин фақат шунинг ўзи учунгина уни ушлаб кўргим келаётгани йўқ. Мен аллақачон, ҳў ўшанда, гарпунни сопига довур урганимда, унинг юрагига қўл текизиб кўргандай бўлдим, — деб ўйларди у. — Ҳай, майли, энди уни яқинроқ олиб кел, бойла, думига сиртмоқ ташла, қайиққа ёпишиб турсин десанг, танасини ҳам сиртмоқлаб ол».

***

«Ким кимни уйга элтаяпти ўзи — мен уними ё у мени? Агар мен уни шатакка олиб бораётган бўлганимда, бошқа гап эди. Ёинки, у ўзининг турган-битган савлатини бой бериб, қайиқ ичида ётганда эди, бунда ҳам ҳамма нарса бошқача, очиқ-ойдин бўла қоларди. Аммо биз ёнма-ён, бир-биримизга занжирбанд бўлиб сузиб кетяпмиз. Бор-э, менга нима, мени етаклаб кетаётган бўлса кетавермайдими. Унга шу маъқул бўлса, биз рози. Нафсиламрга, мен устомонлик ишлатибгина ундан устун чиқдим; баҳарҳол, у менга ҳеч қандай ёмонлик кўзлагани йўқ».

***

Мендан ҳозир тила тилагингни дейишса, буларнинг бари-бари туш бўлиб қолишини тилардим: балиқ-малиқ тутдингми — йўқ, газеталар тўшалган каравотингда ялло қилиб ётибсанми — ётибсан, тамом, вассалом эди.

— Аммо инсон боласи енгилиб, енгилганига рози бўлиб кетавериш учун яратилмаган, — деди у. — Одамзодни янчиб ташлаш мумкин, лекин уни енгиб бўлмайди.

***

«Умидсизлик — ҳалокат, — деб ўйларди у. — Бунинг устига, фаҳмимча, умидсизлик ҳатто — гуноҳ. Нима гуноҳу нима гуноҳ эмас, деб бош қотириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Бусиз ҳам дунёда бошни қотирадиган нарсалар тўлиб-тошиб ётибди. Тўғрисини айтганда, мен гуноҳ бўлган нарсаларни яхши тушунмайман.

Тушунмайман ҳам ва эҳтимол, уларга ишонмайман ҳам. Балким балиқни ўлдиришим гуноҳ бўлгандир. Мен уни очдан ўлмаслик ва яна талай одамларнинг қорнини тўйдириш учун ўлдирган бўлсам ҳам, фаҳмимча, ҳа, гуноҳ бўлди. Унда, сен нима қилаётган бўлсанг, бари гуноҳ-ку. Нима гуноҳу нима ногуноҳ — буни ўйлаб ўтиришдан ҳожат йўқ. Боз устига вақти ҳам ўтди, бундан ташқари, гуноҳлар билан шу тўғрида бош қотириб, бош қотирганликлари учун ҳақ оладиганлар шуғулланаверсин. Ҳа, худди ўшалар гуноҳнинг нималиги устида бош қотираверсин.

Худди балиқ — балиқ бўлиш учун туғилганидек, сен ҳам балиқчиликка туғилгансан. Авлиё Пётр ҳам балиқчи эди, улуғ Ди Маджионинг отаси ҳам шу касб соҳиб адоси бўлган".

Бироқ чол ўзини қуршаган нарсалар ҳақида мулоҳаза юритишни яхши кўрар, ўқийдиган китоби, эшитадиган радиоси бўлмагандан кейин, жуда кўп ўйлар, шу жумладан, гуноҳ устида ҳам бош қотирар эди.

«Сен балиқни бошқаларга сотиб, шу билан бир кунингни кўриш учунгина ўлдирганинг йўқ, — деб ўйларди у. — Сен уни бир сираси орият туфайли ва, қолаверса, балиқчи бўлганинг учун ҳам ўлдирдинг. Бу балиқ тириклигида сен унга кўнгил қўйдинг, ҳозир ҳам уни яхши кўрасан. Кимнидир севсанг, уни ўлдириш ҳам гуноҳ эмас. Балки, аксинчадир, оғирроқ гуноҳдир?».

— Сен ҳаддан ташқари кўп ўйлаяпсан, қария, — деди у овоз чиқариб.

«Бироқ сен дентусони жон-жон деб асфаласофилинга жўнатдинг-ку, — ўйлади чол. — У бўлса худди сенга ўхшаб, балиқ ўлдириб бир кунини кўради. Ҳаром-харишни ҳам жиғилдонига шунчаки бир қорин тўйдириш учун уриб қўя қолмайди ва худди бошқа акулаларга ўхшаб, номигагина еб тўймас палид эмас. У қўрқинч нима билмайдиган чиройли ва олижаноб махлуқдир».

— Мен уни ўз жонимни ҳимоя қила туриб ўлдирдим, — деди чол овоз чиқариб. — Ўлдирганда ҳам боплаб ўлдирдим.

«Яна денг, — деб ўйлади у, — ҳамма ҳам нима бўлмасин, кимнидир ёки ниманидир ўлдиради. Балиқ ови мени ҳам гўрга тиқяпти, ҳам гўр оғзидан қайтариб олиб келяпти. Қўй, суйилма, чол. Балиқ ови эмас, бола сени гўр оғзидан қайтаряпти».

***

«Мен соҳилдан жуда ҳам йироқда бўлмасам керак, — деб ўйлади чол. — Фаҳмимча, у ёқда бекордан-бекорга қайғуришмаётган бўлса керак. Дарвоқе, қайғурганда ҳам фақат бола қайғуриши мумкин. Аммо, ахир худди унинг ўзи менга жуда ишонади-ку! Каттароқ балиқчилар-ку, ҳойнаҳой, хавотир олишаётгандир. Нимасини айтасан, ёшлар ҳам шундай деявер, — деб ўйларди у. —  Ахир мен яхши одамлар орасида яшайман».

Энди у балиқ билан бошқа ўртоқлашолмасди. Балиқ бошдан-оёқ тиғипаррон қилинган эди. Лекин бирдан унинг хаёлида янги бир фикр туғилди.

— Ҳой, яримта балиқ! — чақирди у. — Номигагина қолган балиқ! Денгизда мана шунчалик йироқлаб кетганимга ачинаман. Мен ҳар иккимизни ҳам хонавайрон қилдим. Аммо биз сен билан бирга кўп акулаларни борсакелмасга гумдон қилдик ва яна қанчасининг белини синдирдик…

***

Ким билсин? Ахир, сен денгизда ўтказган 84 куннинг бадалига бахт сотиб олишни кўзлаган эдинг. Ҳа-я, дарвоқе, оз бўлмаса, уни сенга сотиб қўяй ҳам дедилар…

«Бўлар-бўлмас нарсаларни ўйлайверма. Бахт деган нарса одам боласига турланиб келади, уни билиб бўлармиди? Борингки, мен қандай бўлиб келмасин, ўзимга жиндаккина бахт олган бўлардим ва унинг эвазига нима сўрамасинлар, икки қўллаб бахш қилардим. Қанийди энди Гавана шуълаларини кўрсам, — деб ўйларди у. — Сен беш қўлингни баравар оғзингга тиқаяпсан чол. Бироқ, мен шу тобда Гавана чироқларини кўришдан бошқа ҳеч нарсани истамасдим».

***

«Ўринга оёқ чўзиш айни ҳикматнинг ўзи. Енгилиб бўлганингдан кейин елкангдан тош ағдарилгандай енгил тортасан-қўясан! — хаёл қилди у. — Мен бунинг шунчалик осон бўлишини билмасдим… Ким ҳам сени енга қолди ўзи, чол? — сўради у ўзидан. — Ҳеч ким, — жавоб берди у. — Айбим шуки, мен денгизда ҳаддан ташқари узоқ кетиб қолдим».

***

— Мени қидиришдими?

— Бўлмаса-чи. Қирғоқ соқчилари ҳам, самолётлар ҳам қидиришди.

— Океан поёнсиз, қайиқ бўлса зиғирдаккина, уни топиб бўлармиди, — деди чол.

У, ўз-ўзинг ва яна денгиздан ташқари ҳам гаплашадиган бирон одаминг бўлса қандай ажойиб бўлишини ҳозир ич-ичидан сезди.

— Мен сени роса қўмсадим, — деди у…