«Газета.uz» 2024 йил 1 августдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этади. Дайжест Aдлия вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланди. Қуйида уларни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги оширилади.

Бунда 1 августдан хавфлилик омили III — IV тоифа бўлган объектларни ҳудуднинг зилзилалар кучини кўрсатиб берувчи минтақавий акселерограммалар базаларидан келиб чиқиб лойиҳалаш ва қуриш тартиби жорий этилади.

2. Рақамли криминалистика соҳасида илмий-тадқиқот фаолияти ташкил этилади.

Бунда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг Рақамли криминалистика илмий-услубий маркази негизида Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институти ташкил этилади.

1 августдан институтга рақамли криминалистика бўйича суд экспертизалари ва тадқиқотларни ўтказиш ҳуқуқи берилади. Институт суд-экспертлик фаолияти қамровини кенгайтириш мақсадида 2024 йил якунигача катта ҳажмдаги маълумотлар («Big Data») экспертизаси ўтказилишини йўлга қўяди.

3. Айрим ер участкалари аукцион савдоларига чиқарилади.

1 августдан жорий йил якунигача белгиланган мастер-режаларга мувофиқ замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари ва сервис объектларини, жумладан, жойлаштириш воситалари, турар жойлар, савдо-кўнгилочар марказларини ташкил қилиш учун мастер-режа ҳудудидаги ер участкалари аукцион савдоларига чиқарилади.

4. Тиббиёт чиқиндиларидан муқобил иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади.

Бунда:

  • тиббиёт чиқиндиларидан муқобил иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш учун барча турдаги тиббиёт муассасаларида ҳосил бўладиган тиббиёт чиқиндилари тўлиқ ҳажмда лойиҳа компаниясига топширилади;
  • лойиҳа компанияси томонидан ишлаб чиқарилган иссиқлик энергияси белгиланган тартибда тасдиқланган тарифларда тиббиёт муассасалари томонидан сотиб олиниши таъминланади. Бунда иссиқлик энергияси бошқа шахсларга ҳам белгиланган тартибда етказиб берилиши мумкин.

5. Олий таълим муассасаларида юридик шахс мақомига эга бўлмаган амалиёт базалари ташкил этилади.

1 августдан туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларида юридик шахс мақомига эга бўлмаган амалиёт базаларини (туроператор, турагент, гид-таржимон, меҳмонхона ва туризм транспорти хизматларини кўрсатиш объектлари) белгиланган тартибда ташкил этишга рухсат берилади.

6. Пахта-тўқимачилик кластерлари молиявий соғломлаштирилади.

2024 йил 1 августдан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси кредит ресурслари ҳисобидан тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича кластерлар таъсисчиларининг шахсий кафиллиги қўшимча равишда расмийлаштирилади.

Бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган ва сотиб олиш қийматининг 35 фоизи ва ундан юқори қисми тўланган пахта тозалаш заводлари ва пахта қабул қилиш масканларини жалб этиладиган кредит бўйича мулкий мажмуа сифатида гаровга қўйишга рухсат берилади.

Тугатилаётган «Ўзпахтасаноат» АЖнинг мулкий мажмуаларини сотиб олиш бўйича кластерлар билан тузилган олди-сотди шартномаларида белгиланган тўлов графиги бўйича қарздорликлар муддати 1 йилга узайтирилади.

7. Авторақамлар тасодифий генерация йўли билан берилади.

Оддий давлат рақамлари «Давлат рақам белгилари» модули орқали тасодифий автоматик генерация йўли билан берилади.

8. Талабалар ётоқхоналарига жойлашиш учун онлайн аризаларнинг қабули бошланади.

2024/2025 ўқув йилидан бошлаб барча курс талабалари учун давлат олий таълим муассасалари талабалар турар жойига жойлашиш онлайн шаклда амалга оширилади. Бунда талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза бериш 1 августдан бошлаб ўқув йили якунига қадар давом этади.

9. Футзал мухлисларига поездлар учун чегирмалар берилади.

2024 йил август-октябрь ойларида футзал бўйича Жаҳон чемпионатида аккредитациядан ўтган шахслар, шунингдек, чемпионат ўйинларига чипталари мавжуд бўлган хорижий ва маҳаллий мухлислар учун темир йўл чипталарига 50 фоиз миқдорида чегирмалар жорий қилинади.