Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Иқлим ўзгариши миллий маркази 11 июль куни Ўзбекистонда илк экологик мастер-планларни тақдим этди. Синов шаҳарлари сифатида Бухоро ва Самарқанд танланган. Лойиҳа ушбу шаҳарлар ҳокимликлари ва вилоят экология бошқармалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Ҳужжатлар шаҳар ҳокимлигига инфратузилма ва ҳудудий режалаштиришни яхшилаш, энергия самарадорлигини ошириш ва атроф-муҳитга етказиладиган зарарни камайтиришга ёрдам беради.

Экологик мастер-план ўзи нима?

Экологик мастер-план (ЭМП) — бу атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш, экологик вазиятни ва шаҳар аҳолисининг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган тавсиялар ва стратегик чора-тадбирлар мажмуини ўз ичига олган ҳужжат.

Мастер-план шаҳарнинг жорий экологик ҳолатини тавсифлайди ва уни бир қатор кўрсаткичлар бўйича баҳолайди. Ушбу баҳолаш асосида бошқарувни такомиллаштириш, янги қоидаларни жорий этиш ҳамда маҳаллий ҳокимият сиёсати ва аҳолининг хулқ-атворини мувофиқлаштириш бўйича тавсиялар мажмуи таклиф этилади.

Мунтазам баҳолаш ижобий ўзгаришларни кузатиш ва энг яхши амалиётларни аниқлашга ёрдам беради. Бу, шунингдек, экологик вазият мониторингини тизимлаштириш имконини беради. Натижада Ўзбекистон шаҳарлари яшил, тоза, инклюзив, барқарор ва яшаш учун қулай шаҳарларга айланади, деб ҳисоблайди Миллий марказ экологлари. Ҳужжат муаллифлари ҳокимликларни стратегиядан фойдаланишга ва барқарор шаҳар сиёсатини ишлаб чиқишга ўргатади.

Экологик мастер-план қандай бўлади?

Бухоро ва Самарқанд учун экологик мастер-план Экология вазирлиги, ушбу шаҳарлар ҳокимликлари ва бошқа манфаатдор идоралар ҳамкорлигида ишлаб чиқилган.

Ҳужжат қуйидаги бўлимлардан иборат:

  • умумий маълумотлар: майдони, географик жойлашуви, иқлими, аҳолиси сони ва зичлиги, тарихий ва маданий аҳамияти, инфратузилмаси, транспорти, саноати, асосий ижтимоий-иқтисодий жиҳатлари;
  • маҳаллий аҳолининг экологик вазиятга жалб этилганлик даражаси, экологик ҳолатни баҳолаш;
  • «яшил» шаҳарлар рейтингига мувофиқ стратегик тармоқларини баҳолаш: энергетика ва атмосферага чиқиндилар, ердан фойдаланиш, транспорт, ҳаво сифати, чиқиндилар ва сув;
  • энг устувор йўналишлар бўйича ҳаракатлар режаси ва амалга ошириш режаси.

Мастер-планларни ишлаб чиқишда иштирок этган шаҳарсозлик мутахассиси Бобур Сирожевнинг қайд этишича, «яшил» шаҳарлар рейтинги мастер-планларни яратишдаги дастлабки қадам бўлди.

Фуқароларнинг экологик вазиятга, устуворликлари ва кутилмаларига оид фикрларини ўрганиш мақсадида Экология вазирлиги томонидан U-Report платформаси билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида сўровнома ўтказилди. У мамлакатнинг барча ҳудудларидан 3630 дан ортиқ ўзбекистонликларни қамраб олди. Бухоро вилоятида истиқомат қилувчи респондентларнинг 75 фоизи экологик вазиятдан хавотирда эканлигини билдирган. Бу Ўзбекистон вилоятлари орасида энг юқори кўрсаткич, дейди Бобур Сирожов.

иқлим ўзгариши миллий маркази, экологик мастер-план

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати.

Бухороликларни ҳавонинг ифлосланиши, сув танқислиги ва шаҳарнинг етарлича кўкаламзорлаштирилмаганлиги кўпроқ ташвишга солмоқда. Сўровномада қатнашганларнинг фикрига кўра, яшил майдонларни кўпайтириш устувор экологик йўналиш бўлиши лозим — сўровнома иштирокчиларининг 45 фоизи ушбу йўналишни устувор деб топди. Респондентларнинг 12 фоизи чиқиндиларни бошқариш тизимини — чиқиндиларни йиғиш тизимидан қайта ишлашгача — такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблайди.

Бухоро вилояти учун энг устувор йўналишлардаги муаммоларни ҳал қилиш учун Иқлим ўзгариши миллий маркази томонидан кўкаламзорлаштириш, сувдан фойдаланиш ва чиқиндиларни бошқариш соҳаларида қуйидаги ҳаракатлар режаси таклиф этилди.

Кўкаламзорлаштириш бўйича ҳаракатлар режаси:

  • Истироҳат боғлари, хиёбонлар, қатнов қисми ёқасида жойлашган йўллар, автотураргоҳларни кўкаламзорлаштириш;
  • Вертикал кўкаламзорлаштиришни жорий этиш;
  • Трансчегаравий чанг ва қум бўронлари шаҳарга қандай таъсир қилишини ўрганиш. Бу бўронлар ўтадиган ҳудудларга «яшил белбоғ» ўтқазиш. Самарали ҳимоя учун «яшил белбоғ»нинг кенглиги камида 15 қатор ўсимликларни ташкил этиши лозим;
  • Энг чўллашган маҳаллаларни кўкаламзорлаштириш. Ҳовлиларни лойиҳалашда ўрта бўйли дарахтлар ва буталар ўтқазиш, автотураргоҳларни ҳовлидан ташқарида жойлаштириш.

иқлим ўзгариши миллий маркази, экологик мастер-план

Манба: Экология вазирлиги Матбуот хизмати.

Сувдан фойдаланиш бўйича ҳаракатлар режаси:

  • Сувнинг ҳажми ва сифати билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиш. Ёмғир тизимини бошқариш, сув тошқинларидан ҳимоя қилиш ва сув ресурсларини сақлаш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш. Ишчи гуруҳ, шунингдек, ишларнинг боришини мониторинг қилади ва уларнинг самарадорлигини баҳолайди. Тайёр стратегия аҳоли ва шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда тасдиқланади;
  • Туризм соҳасида ресурслар истеъмолини камайтириш. Секторнинг экологияга муносабатини мувофиқлаштириш, eco-friendly белгисини бериш мезонларини шакллантириш ва белгилаш ҳамда уларнинг ижросини назорат қилиш. Бухоро кенг оммалашган сайёҳлик йўналиши ҳисоблангани сабаб туризм сектори — тегишли чоралардан бири, дея тушунтириш берди Экология вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га. Дунёда кенг оммалашган сув истеъмолини қисқартириш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда. Буни меҳмон яшаётган даврда ҳар куни сочиқ ва чойшабларни алмаштиришдан воз кечиш орқали амалга ошириш мумкин;
  • Ижтимоий муассасаларда меъёридан ортиқ сув сарфига қарши курашиш учун сув таъминоти аудитини ўтказиш — муаммоли жойларни аниқлаш учун бир хил тоифадаги турли объектларда сув истеъмоли ҳажмини текшириш. Ускуналарни янгилаш, кам сув сарфига мўлжалланган қурилмаларни ўрнатиш ва сув истеъмоли мониторингини жорий этиш. Шаҳар бундай ускуналарни ўрнатиш харажатларининг бир қисмини субсидиялаши, шунингдек, ўрнатиладиган қурилмаларга минимал талабларни киритиши мумкин. Автоматлаштирилган қўл ювиш, икки кнопкали унитаз баклари шулар жумласидандир. Бундан ташқари, ходимлар ва ўқувчиларни сувни тежашга ўргатиш ва уларга экологик масъулият ҳиссини сингдириш режалаштирилган.

Чиқиндиларни бошқариш бўйича ҳаракатлар режаси:

  • Чиқинди ташувчи компаниялар сони, улар қамраб олган ҳудудлар ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини ҳисобга оладиган мониторинг тизимини жорий этиш;
  • Санитария ва чиқиндиларга тўғри муносабатда бўлишнинг аҳамияти бўйича ўқув кампаниялари воситасида аҳолининг хабардорлигини ошириш. Бу масъулиятли хулқ-атворни рағбатлантиради;
  • Ҳамкор дўконлар, почта бўлимлари ва маркетплейсларда иккиламчи хомашёни йиғиш нуқталарини ташкил этиш;
  • Канализация ва санитария хизматларидан фойдаланишни имкониятларини ошириш учун санитария инфратузилмасига инвестицияларни кўпайтириш. Инвестициялар, шунингдек, чекка ҳудудларда янги тармоқлар қуриш ва септиклар ўрнатишга йўналтирилиши лозим.

иқлим ўзгариши миллий маркази, экологик мастер-план

Манба: Экология вазирлиги.

Экологик мастер-план қандай қўлланилади?

Президентнинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш тўғрисидаги фармонига кўра, экологик мастер-планлар Халқ депутатлари вилоят кенгашлари томонидан тасдиқланади. Рейтинг натижалари Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади. Улар асосида ҳукумат ҳудудлар раҳбарларини рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш бўйича таклифларни кўриб чиқади.

Ҳозирда Иқлим ўзгариши миллий маркази Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқмоқда, унда экологик мастер-планлар мажбурий этиб белгиланади, деб хабар қилди Экология вазирлиги матбуот хизмати. Бундан ташқари, ҳужжат мастер-планларни амалга ошириш бўйича давлат органларидаги барча мутасадди шахсларнинг роли ва мажбуриятларини белгилайди.

«ЭМПнинг мавжудлиги ва умуман, экологик маълумотларни йиғиш механизмларининг йўлга қўйилиши нафақат бўшлиқ ва муаммоларни кўриш, балки инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари портфелини тўғри шакллантириш имконини беради, — дея таъкидлади Иқлим ўзгариши миллий маркази «Газета.uz»га. — Бу шуни англатадики, инвестициялар нафақат қурилиш ёки бошқа соҳага, балки экологик масалаларни ҳал қилиш ёки ЭМПда кўрсатилган тавсияларни бажариш учун ҳам жалб қилинади».

Вақт ўтиши билан экологик мастер-планлар яшил шаҳарни бошқариш учун асос вазифасини ўтайди. Улар барқарор шаҳар ривожланишининг янги лойиҳалари муваффақиятини таъминлаши мумкин. Кейинги уч-беш йил ичида асосий бандларнинг амалга оширилиши шаҳарларда аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилайди.

иқлим ўзгариши миллий маркази, экологик мастер-план

Суна Парк. Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати.

Экология вазири маслаҳатчиси ва Иқлим ўзгариши миллий маркази директори Суна Парк ишлаб чиқилган ЭМПлар аллақачон шаҳарларни ривожлантириш режаларига татбиқ этилаётганини таъкидлади. Маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда аҳолини хабардор қилиш ва ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга жалб қилиш учун жамоат кампанияси ташкил этилади. Масалан, сув истеъмолида энг яхши ва энг ёмон кўрсаткичларга эга мактаблар, боғчалар ва корхоналарни аниқлаш бўйича бир қатор кампаниялар бошланиши кутилмоқда; бунда энг яхшилари — рағбатлантирилади, ёмонлари — ўқитилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бухорога сўнгги ташрифи чоғида Иқлим ўзгариши миллий маркази вакиллари ердан фойдаланиш ва кўкаламзорлаштириш соҳасида баъзи тавсиялар берди, дея таъкидлади Иқлим ўзгариши миллий маркази.

Аста-секин республиканинг ҳар бир тумани учун экологик мастер-план ишлаб чиқилади. Ҳужжатлар билан танишиш, шунингдек, Ўзбекистон шаҳарларида экологик барқарорликни яхшилаш бўйича янгиланишларни Иқлим ўзгариши миллий марказининг янги Green Cities платформасида кузатиб бориш мумкин.