Шавкат Мирзиёев фуқароларни Халқлар дўстлиги куни билан табриклади. Ушбу байрам мамлакатда 2021 йилдан бери нишонланади.

Табрикда жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор вазифаларидан бири экани таъкидланади.

«Дунё миқёсида бағрикенг юрт сифатида эътироф этиладиган жонажон ватанимизда бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув, аҳил-иноқ, ҳамжиҳат бўлиб яшамоқда. 157 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти фаолият кўрсатмоқда», — дейилади хабарда.

Президент ватандошларига йўллаган табригида бугунги кунда дунёда беқарор вазият ҳукм сураётганини таъкидлади.

«Халқаро майдонда давлатларнинг бир-бирига ўзаро ишончи сусайиб бормоқда. Бундай мураккаб шароитда ҳаётнинг ўзи биздан мамлакатимизда ҳукм сураётган ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тотувлик ва бирдамлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни бузғунчи ёт ғоя ва оқимлар, ташқи таъсирлардан асрашга қаратилган ишларимизни янги босқичга кўтаришни талаб этмоқда», — дея таъкидланади хабарда.

Президент ўз табригида Ўзбекистон кўп миллатли ва кўп маданиятли жамиятни бошқариш соҳасида катта тажриба тўплаганини, бу «дунё миқёсида катта қизиқиш уйғотганини» эслатди.

«Биз бундан буён ҳам нодавлат ташкилотларнинг ролини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш орқали фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга, миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг виждон эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратамиз. Мамлакатимизда миллатлар ва конфессиялар ўртасидаги тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш сиёсатини изчил давом эттирамиз», — деди давлат раҳбари ўз табригида.

У ҳафталик давомида бутун Ўзбекистон бўйлаб ўтказиладиган дўстлик фестиваллари халқни янада бирлаштириш билан бирга, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Табрик давлат раҳбарининг ушбу тилаклари билан якунланади: «Ватанимизда доимо тинчлик-осойишталик ва фаровонлик ҳукм сурсин, кўпмиллатли Ўзбекистон халқига ҳамиша бахту саодат ёр бўлсин!»