Самарқанд вилояти Оқдарё туманида фуқароларни хорижий давлатларга ишга юборишни ваъда қилганлар ушланди, дея хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Қайд этилишича, фуқаро В.И. икки кишини Англияга ишга юбориши эвазига 4500 доллар олган. У тезкор тадбирда 1,2 млн сўм ва 700 долларни қайтариб берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговга қадар текширув давомида В.И. яна 47 нафар фуқарони чет давлатларига ишга юбориши эвазига жами 37 160 долларни олгани аниқланган.

Шунингдек, Навоий вилоятида Р.Д. фуқаро А.Ф.ни Кореяга яшаш ва ишлаш учун жўнатиши ҳамда виза ҳужжатларини тайёрлаб бериши эвазига 4 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.