Дзюдо бўйича Олимпия ўйинлари чемпиони Диёра Келдиёрова ўзбекистонликлардан япониялик рақиби Ута Абэ манзилига салбий фикрлар ёзишни бас қилишни сўради.

«Барча мухлислардан, ким бўлишидан қатъи назар, ҳаммага чуқур ҳурмат[да] бўлишингизни сўраб қўламан. Бу, албатта, спорт, бу — бизни бирлаштирувчи куч! Биз дзюдо оиласимиз. Илтимос, тўхтатинг. Менимча, дзюдонинг инсонларга ўргатадиган энг муҳим жиҳати — бу ҳурматдир», — деб ёзди Келдиёрова Instagram`даги Stories`да.

дзюдо, диёра келдиёрова, олимпиада-2024, олимпия ўйинлари 2024, ута абэ

Турнир фаворити, амалдаги Олимпия чемпиони ва тўрт карра жаҳон чемпиони, беш йил давомида дзюдо бўйича жаҳон турнирларида ютқазмаган Ута Абэ Париж Олимпиадасида Келдиёрованинг 1/8 финалдаги илк рақибига айланди.

Охирги марта Ута Абэ 47 та ғалабали сериясидан аввал 2019 йилнинг ноябрь ойида франциялик Амандин Бушарга ютқазганди (ўзбекистонлик спортчи уни ўша турнир ярим финалида ҳам мағлуб этган).

Мағлубиятдан кейин япониялик 24 ёшли спортчи йиғлаб юборди ва юзини гиламга кўйган ҳолатда қолди. У ўрнидан турганда ҳам йиғлашни давом эттирди, мураббий эса уни юпатиш учун ҳамма ишни қилди.

Kyodo.Kyodo.

«Мағлубиятга учраган пайтимда тинчлана олмадим, чунки Олимпиада ҳақида жуда кўп ўйлагандим, шу кун учун жуда кўп иш қилгандим», — деб тан олди Ута Абэ кейинчалик Kyodo нашрига берган интервюсида.

Унинг қўшимча қилишича, Келдиёрова ажойиб техникани намойиш этган. «Мен жавоб беришга улгурмай, саросимага тушдим», — деди спортчи.

Дзюдо бўйича Япония аёллар терма жамоаси бош мураббийи Кацуюки Масучи Ута Абэ мағлубиятдан кейин тушкунликка тушганини айтди.

«У гиламчадан тушганидан кейин ўзини тутолмай йиғлади ва спортчилар хонасида ҳам кўп йиғлади. У жуда тушкунликка тушган эди, шунинг учун мен унга ҳеч нарса дея олмадим. Қўлимдан келгани елкасига енгил уриб, тасалли бериш бўлди. Бу вақт талаб этади», — дейди у.

Унга кўра, 52 килограммгача бўлган вазн тоифасида яхши дзюдочилар кўп. «[Келдиёрованинг] тезлиги бор. Рақобат қийин бўлишини билардим, лекин Ута ҳар доимгидек ғалаба қозониш йўлини топишини кутгандим. Олимпиада ўтган йилдан бери Утанинг асосий эътибор марказида бўлди. Бу ўйин мени яна «рақобат қўрқуви»ни ҳис қилишга мажбур қилди. Ҳамма Ута ғалаба қозонишини кутганди, аммо бу ўйин бизга чемпионликни ҳимоя қилиш ва кетма-кет ғалабаларни қўлга киритиш нақадар қийинлигини ўргатди», — деди мураббий.

Ута Абэнинг Ҳифуми исмли акаси бор. Улар Токио-2020 Олимпиадасида бир кунда олтин медаллар қўлга киритган биринчи ака-ука сифатида тарихга кирганди.

Улар иккинчи Олимпия ўйинларида ҳам шу натижага эришишни мақсад қилганди. Ҳифуми синглисининг мағлубиятидан сўнг ўзини тутишга муваффақ бўлди — у 59 сониялик жанг ўтказди ва эркаклар ўртасидаги дзюдо бўйича 66 килограммгача бўлган вазн тоифасида финалда бразилиялик Виллиан Лимани мағлуб этди, деб ёзди Japan Today.

Диёра Келдиёрованинг «олтин»и Ўзбекистоннинг 2024 йилги Ўйинлар коллекциясидаги илк медали бўлди. У Ўзбекистон тарихида дзюдо бўйича олтин медални қўлга киритган биринчи спортчи бўлди. Бунгача дзюдочилар иккита кумуш (1996 йилда Армен Багдасаров ва 2008 йили Абдулла Тангриев), шунингдек, бешта бронза (2008, 2012 ва 2016 йилларда Ришод Собиров, 2016 йилда Диёрбек Ўрозбоев ва 2020 йилда Давлат Бобонов)ни қўлга киритган эди.

Келдиёрова, шунингдек, ёзги Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик аёллар ўртасида олтин медални қўлга киритган биринчи спортчи ҳамдир. Бунгача ягона «олтин»ни 1994 йилда қишки Олимпиада ўйинларида эркин чанғичи Лина Черязова қўлга киритган эди. Охирги марта Ўзбекистоннинг аёл вакили 2008 йилда Пекин Олимпиадасида шоҳсупага кўтарилган эди — бу трамполинист Екатерина Хилько .