Франция мезбонлик қилаётган Олимпия ўйинларининг 3-кунида Ўзбекистон терма жамоасидан 8 нафар спортчи 5 та спорт тури: дзюдо, бокс, қиличбозлик, сузиш, академик эшкак эшиш бўйича баҳсларга киришди. Кун якунида фақат 2 боксчи медаллар учун курашни давом эттирадиган бўлди. Газета.uz душанба куни мусобқаларда иштирок этган спортчиларнинг натижаларини тақдим этади:

Дзюдо

-73 кг: Муроджон Йўлдошев илк баҳсда қозоғистонлик Данияр Шамшаевни мағлуб этиб, кейинги 1/16 баҳсда молдовалик дзюдочига ютқазди.

-57 кг: Шукуржон Аминова ҳам биринчи даврада кот-дʼИвуарлик Дабонне Зулейҳа Абзеттани енгди. Бироқ, кейинги босқичда грузиялик рақибига имкониятни бой бериб, мусобақадаги иштирокини якунлади.

Академик эшкак эшиш

Нурматов ва Сафаралиев жуфтлиги ўтиш босқичида ўз гуруҳида 4-бўлиб маррага етиб келди. Шу тариқда, улар 31 июль куни С финалида стартга чиқадиган бўлишди. Бу медаль учун даъвогарлик қилиш имкониятини бермайди.

Қиличбозлик

Қиличбоз Зайнаб Дайибекова биринчи даврадаги жангида иштирокини якунлади. Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари совриндори, жанубий кореялик Юн Жи-Су билан беллашган Зайнаб 11:15 ҳисобида мағлубиятга учради.

Сузиш

Сузиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Иля Сибирсев 800 метрга эркин усулда сузиш дастурида 7:56.67 дақиқа билан маррага келди ва финал йўлланмасини қўлга кирита олмади.

Бокс

-63,5 кг: Руслан Абдуллаев нимчорак финалда мексикалик Мигель Рамиресни 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Унинг кейинги жанги 1 августда бўлади.

+92 кг: Токио Олимпиадаси чемпиони Баҳодир Жалолов ҳам нимчорак финалда норвегиялик Омар Шиҳадан 5:0 ҳисобида устун келди. Жалолов 2 август куни ярим финал йўлланмаси учун рингга кўтарилади.

Эслатиб ўтамиз, 3-кун натижаларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси Олимпиада рейтингида битта олтин медаль билан 13-ўринда бормоқда. Кучлик учликда Жанубий Корея (9 та медаль), Япония (11), Хитой (9) мамлакатлари турибди. Қўшни Қозоғистон эса 3 та медаль билан 11-ўринни қайд этмоқда.