Париж олимпиадасининг дзюдо баҳсларида олтин медалга эга чиққан (-52 кг) Диёра Келдиёрова тақдирлаш маросимидан сўнг матбуот анжуманида қатнашди ва финалгача бўлган йўли ҳақида гапирди.

У ўз медали орқали Ўзбекистонда аёл спортчиларга жуда катта йўл очилишига ишонч билдирди.

«Бу соврин нафақат менинг, балки бутун аёл спортчиларнинг медали. Биламан, бу медалим Ўзбекистонда аёлларга жуда ҳам катта йўл очади. Бу учун ўз ҳиссамни қўшганимдан жуда ҳам хурсандман», — деди спортчи.

Шунингдек, у Халқаро дзюдо федерациясига берган изоҳида Ўзбекистондаги аёллар ҳаётини ўзгартириш унинг миссияси эканини таъкидлаган.

Диёра Келдиёрова татамидан тушар экан, Олимпиада чемпиони сифатида шундай деди: «Бу ергача етиб келиш жуда қийин бўлди ва мен фақат Олимпиада ҳақида ўйладим. Бу ўйлар нафақат медаль, балки олтин медаль ҳақида эди. Бу мен учун, ота-онам, оилам ва барчамиз учун жуда муҳим кун. Бу бутун жамоавий медаль, бу Ўзбекистон олтинидир», — дейилади хабарда.

Матбуот анжуманида Диёра Келдиёрова ўзи учун аҳамиятли бўлган япониялик Ута Абени мағлуб этган давраси ҳақида сўзлаб берди.

«У вазари ва шидо билан мендан олдинда эди. Ўшанда менда бошқа йўл йўқлигини айтдим. Ё ютаман, ё охиригача боришим кераклигини ҳис қилдим. Мана шу нарса менга катта куч берди. Абе жуда кучли ва тезкор спортчилардан бири, уни ҳурмат қиламан», — дея таъкидлади ўзбекистонлик спортчи.

дзюдо, диёра келдиёрова, париж 2024, спорт

Диёра Келдиёровага мураббийи ҳурмат билан таъзим қилмоқда. Фото: IJF.

Шу билан бирга у мазкур баҳс олдидан мураббийининг мотивациясини эслади: Абе билан биринчи ёки иккинчи, ярим финал ёки финалда тушишинг мумкин, деган. Сенда биттагина йўл бор, у ҳам бўлса, фақат ютиш. Орқага ҳеч қанақа йўлинг йўқ. Бугун шу ишни қилдим деб ўйлайман. Бу мураббийимнинг менга берган катта мотивацияси, деди у.

Диёранинг ғалабаси Ўзбекистонда ҳам нишонланди. Хусусан, Самарқанд вилоятининг Пасдарғом туманида унинг оиласи спортчининг иштирокини кузатиб бораётган эди. Унинг онаси «Ўзбекистон24» телеканалига берган интервьюсида қизининг япониялик Ута Абени мағлуб этганидан хурсандлигини айтди.

дзюдо, диёра келдиёрова, париж 2024, спорт

Диёра Келдиёрованинг ота-онаси. Фото: Ўзбекистон 24.

«Абени йиқитди. Ана шундан хурсандман. Неча йиллик машаққат билан Абе, япониялик билан чиқяпти дейишса, юрагимни ҳовучлаб ўтирдим. Чунки, Абе неча йилдан бери биринчиликни бермаётган эди. Йиқитгандан кейинги ҳис-ҳаяжонимни айтиб беролмайман. Президентимизга имкониятлар яратиб бергани учун раҳмат», — деди спортчининг онаси Дилором Шарипова.

дзюдо, диёра келдиёрова, париж 2024, спорт

Диёра Келдиёрова Ута Абени йиқитган пайт. Фото: IJF.

Бундан ташқари, спортчининг ўзи ҳам давлат раҳбарига яратилган шароит учун миннатдорлик билдирди.

«Токио олимпиадасидаги мағлубиятимдан кейин 3 йил ухламадим десам ҳам бўлади. (Токио олимпиадасида у биринчи даврадаёқ мўғилистонлик Сосорбарам Лхагвасурэнга ютқазганди). Мағлубиятимдан жуда ҳам аламда қолгандим. 3 йилдан кейин Олимпиадада олтин олиб турибман. Ҳаммага раҳмат айтаман. Президентимизга чексиз раҳмат, президентимиз айтганидек, аёлларга шароит яратиб берса, ҳар қандай чўққини забт эта олишади. Мана бугун Олимпия чўққисини забт этдим», — дея сўзини якунлади Диёра.

Эслатиб ўтамиз, ғалабадан сўнг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев олтин медаль олган Диёра билан телефонда суҳбатлашиб, уни табриклаганди.