«Тошкент иссиқлик маркази» МЧЖга 2,5 млрд сўмдан ортиқча олинган даромадни қайтариш юзасидан кўрсатма берилди, деб хабар берди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизмати.

Қўмитанинг Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармаси «Иссиқлик электр станциялари» АЖ тизимидаги «Тошкент иссиқлик маркази» (ТИМ) фаолияти устида ўрганиш ўтказди. Унда компаниянинг 2021−2023 йиллар давомида истеъмолчиларга етказиб берилган иссиқлик энергияси нархлари (тарифлари) қандай шакллангани ва қўлланганига урғу қаратилди.

Қайд этилишича, ТИМ табиий монополия субъекти ҳисобланиб, у ишлаб чиқарган иссиқлик энергияси нархлари Тошкент шаҳри молия органи томонидан тасдиқланган. Унга кўра, ҳар бир Гкал учун 13,3 метр куб сув сарфланиши белгиланган. Аммо компания томонидан реал харажатлар ўрганилганда, меъёр 14,01 метр кубга (+0,71) оширилгани аниқланган.

Бунинг ортидан жамият томонидан 4 миллион 728 минг 85 метр куб ортиқча сув сарфланган, оқибатда 2023 йил давомида 2,5 миллиард сўмдан ортиқ асоссиз даромад олинган, дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан қонунчилик талаблари бузилгани аломати билан ТИМга нисбатан ўрнатилган тартибда иш қўзғатилди. Натижаси юзасидан ортиқча олинган даромадни ихтиёрий равишда истеъмолчиларга қайтариш юзасидан кўрсатма берилди.