Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида дарахтларни ноқонуний кесган ва сотган 3 кишига ҳукм ўқилди, дея хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, «Б.Х.» фермер хўжалиги раҳбари М.А. икки таниши билан 2023 йилнинг декабрь ва 2024 йилнинг январь ойларида ўзига қарашли бўлган дала майдони четида кўкариб турган жами 21 туп қайрағоч дарахтини қонунга хилоф равишда кесган.

Сўнгра улар дарахтларни сотиб юборган. Бунинг оқибатида табиатга 1 миллиард 459 миллион 144 минг сўм зарар етказилган.

Суд қарори билан 3 кишига мазкур зарарнинг ундирилиши белгиланди. Қолаверса, ҳар бир судланувчига 2 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.